Марказий Осиё давлатлари Буюк Британиядаги мавсумий ишчиларнинг асосий манбалари қаторига киради, дея хабар бермоқда SIA.

2022 йилда Буюк Британия ҳукумати Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган муҳожирларга 6000 дан ортиқ меҳнат визаси берган, бу уларнинг умумий сонининг деярли тўртдан бир қисмини ташкил қилади. 2023 йилда ҳам Марказий Осиё давлатларидан келган муҳожирлар сони янада ортиши мумкин.

Мамлакатда мавсумий меҳнат муҳожирлари сони бўйича Ўзбекистон Украинадан кейин иккинчи, Қирғизистон эса рўйхатда тўртинчи ўринни туради.

Май ойи охирида Британияининг Эксплуатация ва меҳнат ҳуқуқлари бузилишига қарши курашиш хизмати (GLАА) ҳар икки давлат меҳнат миграцияси органлари билан шартномалар тузган. Томонлар Буюк Британияга келаётган мавсумий ишчилар ҳақида маълумот алмашишга келишиб олган.

Ҳужжат, шунингдек, томонларни қирғиз ва ўзбек ишчиларининг Буюк Британияда қонуний ишлаётган пайтда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мажбуриятини олади. GLAA раҳбари Дэрил Диксоннинг «Ўзбекистон 24» каналига берган интервьюсида айтишича, ўзбеклар мамлакатда, асосан, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритади.

«Биз 2022 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистондан мамлакатимизга келган мавсумий ишчилар сони кескин ўсганини кўрдик. Прогнозларимизга кўра, бу ҳолат келгуси бир неча йил ичида фақат ўсишда давом этади», — деган у.