Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги боғчада болаларнинг танасига улар ухламагани учун игна тиқилгани аниқланганди. Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг маълум қилишича, айбдорларга нисбатан суд ҳукми ўқилган.

8 июнь жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг cайёр мажлисида С.Э. (1989 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги 122-ДМТТ тарбиячиси) ва М.Р. (2003 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги Педагогика коллежининг 3-босқич ўқувчиси)га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.

Суднинг 2023 йил 8 июндаги қарори билан кўра икки нафар ҳуқуқбузар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, уларнинг ҳар бирига БҲМнинг 4 баравари (1 320 000 сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Ушбу қарордан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериши ва протест келтиришга ҳақли экани эслатиб ўтилган.

Суд томонидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бош бошқармаси бошлиғига содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан меҳнат муносабатларидан келиб чиқиб, расмий муносабат билдириш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 313-моддаси тартибида тақдимнома ҳам чиқарилган.

Шунингдек, Янгиҳаёт туманидаги 122-ДМТТ мутасаддиларига рўйхатдан ўтмасдан туриб, тарбияланувчиларни қабул қилинганлик ҳолати ва улар учун тўловлар амалга оширилганини текшириб, қонуний баҳо бериш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддаси тартибида Янгиҳаёт туман прокурорига хабарнома юборилган.