Ўзбекистонда одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) касаллиги билан бугунги кунда 48 мингдан ортиқ шахс яшаб келмоқда. Бу ҳақда АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Республика ОИТСга қарши кураш маркази раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йилда қабул қилинган қарорлар натижасида 63 та туманлараро ОИВ диагностик лаборатория ОИТСга қарши кураш марказлари тасарруфига ўтказилган. Ҳар бир вилоят юқумли касалликлар шифохоналари негизида 5 тадан 40 тагача ОИВ беморларга хизмат кўрсатадиган ўринлар ташкил этилган.

Сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортган. Ҳукумат томонидан дори воситаларини молиялаштириш 80%ни ташкил этди, дейилади хабарда.

Беморларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида 18 ёшгача бўлган ОИВ инфекциясига чалинган болаларга ижтимоий нафақалар бериб келинмоқда. Республикада ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишига барҳам бериш учун ҳар йили бемор оналардан дунёга келаётган (ўртача 600 нафаргача) болаларни қуруқ сут аралашмалари билан узулуксиз таъминоти амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 99,7% болалар соғлом бўлишига эришилмоқда, дея қайд этилади маълумотда.

ОИВ билан боғлиқ рақамлар

hiv, оив

ОИВ билан касалланишнинг баъзи мамлакатлар билан солиштирма таҳлили

Унга кўра, Ўзбекистонда 2021 йилда 3289 та касалланиш қайд этилган, умумий рақам 45 минг 296 нафарни ташкил этган.

hiv, оив

2013 йилдан 2022 йилгача қамраб олинган ОИВ статистикаси

Рақамларга кўра, мамлакатда 2020 йилда 2817 киши, 2021 йилда 3289 киши, 2022 йилда эса 3889 киши ушбу касалликка чалингани қайд этилган.

Ўзбекистонда 2027 йилга бориб ОИВ юқтириб олган шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билиши, махсус даволаш курслари билан қамраб олиниши, 95 фоизининг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушиши режалаштирилмоқда. Шу вақтга келиб, ОИВнинг онадан болага юқишига барҳам бериш ҳам кўзда тутилган.