Президентнинг 31 майдаги муҳим ахборот инфратузилмаси (МАИ) объектлари киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича қарорига мувофиқ, Давлат хавфсизлик хизматига ваколатли орган сифатида қатор вазифалар юклатилди.

Ҳужжатга кўра, ДХХ муҳим ахборот инфратузилмаси объектларида киберхавфсизликнинг таъминланганлик даражасини кузатиб боради, уларни баҳолаш ва мониторинг қилиш тартибини ишлаб чиқади.

Бундан ташқари, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси билан биргаликда киберхавфсизликни қонунчиликда белгиланган тартибда таъминлаш ҳамда ривожлантириш ҳолати устидан назорат ва мониторинг олиб бориш вазифаси ҳам топширилди.

ДХХ томонидан ўта муҳим ва тоифаланган объектлардаги муҳим ахборот инфратузилмаси объектларида киберхавфсизликни таъминлаш юзасидан назорат тадбирларини ўтказишда президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати бу ҳақда хабардор қилинади ҳамда уларнинг натижалари тўғрисида 48 соат ичида ёзма ахборот киритилади.

МАИ объектларида киберхавфсизликни таъминлашга масъул бўлган ходимларнинг лавозимга тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши юзасидан ваколатли давлат органи ўз вақтида хабардор этилади ҳамда ушбу ходимларни ҳар 3 йилда бир марта ваколатли давлат органи томонидан аттестациядан ўтказиш амалиёти жорий этилади.

ДХХ, шунингдек, 2023 йил 1 октябрга қадар муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг вақтинчалик ягона давлат реестрини шакллантиради ва вақтинчалик низомни тасдиқлайди.

2024 йил 1 декабрга қадар хорижий давлатлар илғор тажрибасини ўрганиш асосида муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг доимий ягона давлат реестрини шакллантириш ҳамда объектларни тоифалашнинг доимий тартибини белгилаш юзасидан таклифларни президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратига киритиши топширилди.

ДХХ ваколатли орган сифатида

  • МАИ объектларида киберҳужумларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш, тезкор чора кўриш ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда киберхавфсизликни таъминлаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради;
  • МАИ объектларининг ягона давлат реестрини шакллантиради ва юритади;
  • давлат сирларини ўз ичига олган маълумотларни қайта ишлайдиган МАИ объектларида киберхавфсизлик тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

2022 йилнинг апрель ойида президент «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонунни имзолаганди. Унга кўра, давлат органларининг ахборот ресурслари ва тизимлари мажбурий тартибда киберхавфсизлик экспертизасидан ўтказилади. ДХХ киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли орган этиб ҳисобланади.