7 июнь куни Тошкент шаҳрида кондиционерни ёқмасдан ҳаракатланиб, йўловчилар эътирозига сабаб бўлган автобус ҳайдовчиси жазоланди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» аксиядорлик жамияти матбуот хизмати.

Ўша куни соат 10:12 атрофида 12-Автобус саройи филиали тасарруфидаги 59-сонли йўналиш ҳайдовчиси Олим Зокиров бошқарувидаги автобуснинг совутиш тизими (кондиционер)ни ёқмаган ҳолда ҳаракатланган. «Сергели 7-мавзе» бекатида йўловчилар эътирозидан сўнг кондиционерни ёққан.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода автобусдаги ёш бола иссиқдан кўнгли айниб, қайт қилиб юборгани, йўловчилар уришиб беришганидан сўнг кондиционер ёқилгани айтилган.

Ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» ҳамда 12-Автобус саройи филиали масъул ходимлари йўловчилар норозилигига сабаб бўлган ҳайдовчи билан тушинтириш ишлари олиб борган. Ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда интизомий жазо чораси кўрилиши белгиланган.

Қайд этилишича, корхона ички тартиб қоидасига биноан, ҳайдовчилар автобус салонида совутиш тизимини соат 8:00 дан 19:00 га қадар ёқган ҳолда ҳаракатланишлари белгиланган.

«Тошшаҳартрансхизмат» йўловчилардан юқоридаги каби ҳолатлар кузатилган тақдирда 1062 ишонч рақамига мурожаат қилишларини сўради.