Тошкент вилояти Бўка туманида фуқаро ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этгани хабар қилинганди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — Омбудсман ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, Бўкадаги воқеа бўйича Тошкент вилояти прокуратураси томонидан дарҳол жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходимлар ҳибсга олинганини Омбудсман ижобий баҳолайди.

«Аслида биз ҳуқуқларимиз ҳимоячиси сифатида биладиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари орасида Бўкадаги ҳолат мисолида қонунга хилоф иш кўрувчи ходимлар борлиги жуда ачинарли. Тизимда ишловчи барча ходимлар шундай деган фикрдан йироқмиз, сўнгги йилларда қийноққа қарши курашиш борасидаги ислоҳотларни эътироф этишимиз лозим. Лекин, давлат сиёсатига қарши туриб, ўз хизмат фаолиятида руҳий ва жисмоний қийноққа йўл қўяётган „ходимлар“ бор экан, фуқароларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан ишончсизлик юзага келади», — дейилади муносабатда.

«Шу ўринда айтиш керакки, қийноқ бу жамият танасидаги касаллик. Уни даволаш учун аввало шаффофлик таъминланиши керак. Чунки айнан шаффофлик қийноқларни барвақт олдини олишнинг таъсирчан воситаларидан бири. Мамлакатдаги очиқлик сиёсати сабаб шу каби оғриқли ҳолатлар тилга олиниб, унга жамоатчилик эътибори қаратилмоқда», — дея қайд этилган Омбудсман муносабатида.

Қайд этилишича, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича Омбудсман бошчилигида Миллий превентив механизм доирасида жамоатчилик гуруҳлари билан бирга пенитенциар муассасаларга доимий равишда мониторинг ташрифлари амалга оширилиб, у ердаги шароитлар тизимли равишда ўрганилмоқда. У ерда сақланаётган шахслар орасида аноним сўровномалар ўтказилмоқда. Маҳкум ва маҳбуслар билан ҳоли тарзда суҳбатлашиб, қийноқлар қўлланилганига оид мурожаатлар келиб тушганда, ҳолат дарҳол назоратга олинмоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда тарқалган қийноқ қўлланилганига оид хабарлар ҳам жойига чиқиб ўрганилиб, қийноқ аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда иш кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилмоқда. Бўкадаги ҳолат ҳам Омбудсман назоратида бўлиши таъкидланган.

«Гумонланувчи ёки айбланувчилар суриштирув ва тергов жараёнида калтакланиб, вафот этиши мумкин эмас. Куч ишлатиш услуби дан фойдаланган ходимларни аниқлаш ва уларга қатъий чора кўриш, тизимдаги ходимлар малакаси ва фаолиятини бирма-бир таҳлил қилиш, зўравонлар ва сусткашлардан воз кечиш керак. Зеро, бугунги давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Шу нуқтаи назардан бу борадаги қадамлар изчил бўлиши лозим. Биз айбдор шахсларни қатъий жазога тортишга чақирамиз», — дейилади муносабат якунида.