Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан Фарғона ва Андижон вилоятларида ноқонуний равишда фуқароларни Ҳаж зиёратига юбормоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, Марғилон шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма раҳбари Я.М. ўзганинг ишончига кириб, уни ва танишини Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 16 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Марғилон шаҳрида фаолият юритувчи бошқа бир туристик фирма ходими А.Т. эса Қўштепа туманида яшовчи фуқарога «Ҳаж 2023» визаси расмийлаштириб, Ҳаж зиёратига юбориш эвазига талаб қилинган 10 минг АҚШ долларидан 4 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ушланди.

Бувайда туманида кузатилган ҳолатда Андижон шаҳридаги туристик фирма вакили М.Ж. Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаронинг онасига «Ҳаж 2023» визаси расмийлаштириб, Ҳаж зиёратига юбориш эвазига талаб қилинган 8500 АҚШ долларидан 3 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.