Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов 2 июнь куни регуляторнинг 2022 йилги фаолияти юзасидан Сенат олдидаги ҳисоботи бўйича чиқишида АҚШ долларидаги банк депозитлари даражасининг пасайишига изоҳ берди.

Сенатор Шавкат Жалолов йил бошидан буён аҳолининг банклардаги омонатлари ҳажми 1,7 баробар ошганини таъкидлади. Шу билан бирга, депозитлар таркибида бир йилдан ортиқ муддатга қўйилган хорижий валютадаги депозитлар қолдиғи 2021 йилга нисбатан 9 фоизга камайган бўлса, талаб қилиб олингунча депозитлар 9 фоизга ошган. Унинг фикрича, аҳолининг аксарияти валютани ўз уйида сақлайди ва «банк омонатларига қизиқмаётганга ўхшайди». У Марказий банк раҳбаридан аҳолининг банкларга ишончи даражасини баҳолашни сўради.

«Буни иккита факт билан изоҳлаш мумкин. Долларизация даражаси [пасайгани] ҳақида аллақачон гапириб ўтдим. Валюта курсининг кичик даражада тебраниши сақланиб қолиши ва [сўмли] депозитлар бўйича ставкаларнинг 20−21 фоиз даражасида жозибадор экани аҳолида хорижий валютадаги депозитлардан маблағларни олиб, сўм депозитларига ўтказишга қизиқишни оширмоқда. Биз буни амалда кўриб турибмиз», — деди Марказий банк раиси.

Мамаризо Нурмуратов буни яхши тенденция деб атади.

«Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли қўлида деярли 12 миллиард доллар бор. Биз бу маблағларнинг барчасини жалб қила олмаймиз. Аммо банкларга пул ўтказиш тенденцияси кузатилмоқда, долларни сўмга ўтказиб, муддатли депозитларга жойлаштириш жараёни бошланди. Бу бизни хурсанд қилади. Бу банкларнинг ресурс базаси учун ҳам фойдали, уларнинг сўмда кредит бериш имкониятларини оширади», — деди у.

Талаб қилиб олингунча депозитлар ҳажмининг ошишига келсак, унинг сўзларига кўра, геосиёсий вазият туфайли Ўзбекистонда ҳисобварақ очган норезидентлар сони 60 мингдан ошди. Улар банк ҳисобларига 892 миллион доллар эквивалентида маблағ жойлаштирган.

Марказий банк маълумотларига кўра, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича реал фоиз ставкалари (инфляцияга нисбатан) жисмоний ва юридик шахслар учун мос равишда 7,1 фоиз ва 4,1 фоиз даражасида бўлди. Натижада банклардаги сўм депозитлари қолдиғи 2021 йилга нисбатан қарийб 1,4 баробарга ошиб, 131,8 триллион сўмни ташкил этди.

Шу билан бирга, жисмоний шахслар депозитлари қолдиғи 1,5 баробарга — 45,2 триллион сўмгача, юридик шахсларнинг омонатлари қолдиғи эса 1,3 баробарга (86,6 триллион сўмгача) ошди.

«Бу, ўз навбатида, халқаро молия бозорларида молиявий ресурслар нархи ошиб бораётган шароитда банклар томонидан иқтисодиётни узлуксиз молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ички имкониятларни кенгайтиради. Миллий валютадаги депозитларнинг жозибадорлиги ва курснинг нисбатан барқарорлиги долларлашув даражасини пасайтиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда», — дейилади ҳисоботда.

2022 йилда иқтисодиётдаги кредитларнинг долларлашув даражаси 2 фоиз пунктга камайиб, 45,6 фоизни ташкил этган, депозитларнинг долларлашув даражаси эса 4,7 фоиз пунктга — 34,2% гача камайган.