Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Қатар саммитида иштирок этиш учун Самарқандга жўнаб кетди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 5 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатга келади. Олий даражадаги музокаралар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Мулоқотда Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

Бунда, энг аввало, фаол сиёсий мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш, энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш эътибор марказида бўлади.

Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қилади. Учрашув якунида салмоқли ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, Қатар амирининг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 25 йилдан зиёд тарихида биринчиси бўлади.