АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Хоразм вилояти Хива шаҳридаги Тошҳовли саройида консервация ва реставрация ишлари якунланганини маълум қилди.

1829−1839 йилларда Хива хони қурдирган Тошҳовли саройи ноқулай об-ҳаво ва илгари нотўғри олиб борилган реставрация ишлари туфайли таъмирталаб бўлиб қолган, безакли кошинлари ва ғиштлари парчаланиб кетган.

АҚШ Давлат департаментининг Маданий меросни асраб-авайлаш бўйича элчи жамғармаси (AFCP) кўмаги билан ушбу саройнинг безакли кошинларини қайта тиклаш ва етишмаётган қисмларини янги ишлаб чиқарилган худди шундай кошинлар билан алмаштириш учун ҳудуддаги юқори малакали кулоллар жалб қилинди.

ақш элчихонаси, тошҳовли, хива

«Тошҳовли саройи хоразмлик моҳир кулоллар, ёғоч ва мармар ўймакор усталари ҳамда хаттотлар меҳнатининг ёрқин ифодасидир. Бу ерда ҳунармандлар биргаликда Ўзбекистоннинг кўп асрлик маданияти ва анъаналарини ўз ичига олган ҳақиқий санъат асарини яратдилар», — дейилади хабарда.

Ушбу тарихий обидада акс эттирилган бадиий элементлар айнан Хивага хос бўлиб, улар бошқа жойда учрамайди. Тошҳовли 1990 йилда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Хиванинг эски шаҳри таркибида XIX асрда қурилган энг муҳташам саройлардан бири ҳисобланади.

«Биз Ўзбекистоннинг мафтункор ва бетакрор маданий меросини асраб-авайлашга ўз ҳиссамизни қўшганимиздан хурсандмиз. Биз нафақат Ўзбекистоннинг бой тарихини, балки туризмга бўлган қизиқиш ва бу орқали мамлакат иқтисодий салоҳиятини ошириш, маҳаллий мутахассислар тажрибасини намойиш этиш орқали унинг келажагини ҳам қўллаб-қувватлаяпмиз», — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник.

AFCP тарихий обидалар, артефактлар, қўлёзмалар, санъат, архитектура, мусиқа, рақс ва тил каби анъанавий ифода шаклларини сақлаб қолиш учун грантлар ажратади. Бутун дунё бўйлаб 130 дан ортиқ мамлакатда камида 1200 та лойиҳани молиялаштириш учун 115 миллион доллардан кўпроқ хайрия қилган.

Ўзбекистонда эса маданий меросни сақлашга оид 9 та турли хил лойиҳани амалга ошириш учун Қўшма Штатлар 700 минг доллардан ортиқ сармоя киритган. 2023 йил охирида АҚШ элчихонаси Қашқадарё вилоятидаги Лангар отада реставрация ишларини бошлашни режалаштирмоқда.