4 июнь куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги «Жунариқ» маҳалласидаги айрим хонадонларни сув босди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Маҳалланинг Жунариқ кўчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи Салар каналида сув оқимининг меъёридан ортиқ оқиши сабабли сув ўзандан тошиб кетган. Оқибатда кўчадаги 7 та уй ертўласи (пойтахт ҳокимлиги маълумотига кўра, 9 та хонадон), ҳовлиси ва 3 та ишлаб чиқариш цехи ҳудудига сув тўпланган.

Воқеа жойига ФВВ ва Тошкент шаҳри ФВБ раҳбарияти бошчилигида қутқарувчилар етиб борган. Аҳоли хонадонларига сув тошиш ҳолати тўлиқ тўхтаган. 9 та махсус техника, 7 та сув тортиш мосламаси (мотопомпа), 4 та водовоз ёрдамида қолдиқ сувларни тортиш ишлари амалга оширилган.

«Воқеа Жун каналининг ҳамда Чилонзор тумани Сеул кўчасидаги Бўрижар каналининг сув олиш иншоотлари номаълум сабабларга кўра ёпилгани ҳамда Салар каналига тўлиқ сув очилгани боис юзага келган», — дейилади шаҳар ҳокимлиги хабарида.

Тошкент вилояти Бўзсув ирригация тизимлари бошқармаси ҳолат ҳақида Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси ва ФВБни огоҳлантирмаган.

Ҳодиса оқибатида жароҳат олган ва ҳалок бўлганлар йўқ, уйларнинг деворларига зарар етмаган, дейилади хабарда.