Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 24 май куни имзоланган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланадиган жамоат жойлари рўйхати сезиларли даражада кенгайтирилган ва улар батафсил келтириб ўтилди.

Эътиборлиси, 2011 йилдаги қонуннинг амалдаги таҳририда жамоат жойлари аниқ кўрсатилмаган, бу кўпинча у ёки бу жой жамоат эканлиги ҳақида саволларни туғдираётган эди. Қонуннинг янги таҳрири уч ойдан кейин кучга киради. Аввалроқ асосий ўзгаришлар ҳақида ёзган эдик.

Алкогол маҳсулотлари

Қонун иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, майдонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ва «бошқа жамоат жойларида» алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилишни тақиқлайди.

Тақиқ савдо ва хизматлар кўрсатиш объектларига, шу жумладан алкоголли маҳсулотларни қуйиб сотишга рухсат берилган умумий овқатланиш корхоналарига, шунингдек, тўй, юбилей ва бошқа тантана ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойларга татбиқ этилмайди.

Тамаки маҳсулотлари

Жамоат жойларида, шу жумладан қуйидаги жойларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланади:

  • кўп квартирали уйларнинг йўлаклари ва лифтларида, шунингдек болалар ва спорт майдончаларида, шу жумладан уйларга туташган ҳудудда жойлашган майдончаларда;
  • савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналарида;
  • кинотеатрларда, театрларда, циркларда, концерт, кўрик ва кўргазма залларида ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотларда;
  • клубларда, дискотекаларда, компьютер залларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар (бўш вақт ўтказиладиган) жойларда;
  • музейларда, ахборот-кутубхона муассасаларида ва маърузахоналарда;
  • маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездларда, дарё кемаларида, автобусларда, метрополитен вагонларида, таксида, шаҳар электр транспортида, ҳаво кемаларида, шунингдек жамоат транспортининг бошқа турларида;
  • ер ости ўтиш жойларида, метрополитен станцияларида, транспорт бекатларида ва автотранспорт воситалари вақтинчалик сақланадиган ёпиқ жойларда;
  • темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, аэропортлар, дарё бандаргоҳлари, метрополитен станцияларига кириш жойидан камида 5 метр масофада бўлган очиқ ҳаводаги жойларда (қизиқ, Сенат томонидан маъқулланган таҳририда 15 метр кўрсатилган эди);
  • ёнғин хавфи мавжуд бўлган жойларда, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида;
  • аэропортларнинг, темир йўл ва автомобиль вокзалларининг, дарё бандаргоҳларининг биноларида;
  • корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва давлат органларининг биноларида, шу жумладан иш жойида, йўлакларда, лифтларда, зинапояларда, вестибюлларда, ҳожатхоналарда, дам олиш хоналарида, уларга туташ хоналарда ва ходим томонидан меҳнат фаолияти вақтида фойдаланиладиган шунга ўхшаш бошқа жойларда;
  • соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларида, дорихоналарда, таълим ташкилотларида, маданият муассасаларида, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида, санаторий муассасаларида ва тиббий-ижтимоий муассасаларда;
  • уй-жой хизматлари, меҳмонхона хизматлари, вақтинчалик жойлаштириш ва (ёки) вақтинчалик яшаб туришни таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун мўлжалланган хоналарда;
  • хиёбонларда, боғларда, пляжларда.

Сенат томонидан маъқулланган таҳрирда, шунингдек, вояга етмаганлар ёки ҳомиладор аёллар бўлган транспорт воситаларида (жумладан, фуқароларнинг шахсий транспорт воситаларида) тамаки маҳсулотлари ҳамда тамаки ва никотин ишлатишга мўлжалланган асбоблардан фойдаланишни тақиқлаш таклиф қилинган эди. Бироқ бу қоида қонундан чиқариб ташланган.

Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва чилим чекиш учун махсус ажратилган жойларга доир талаблар

Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар:

  • бинолар ва иншоотлардан ташқаридаги очиқ ҳавода;
  • техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мос келадиган ва вентиляция тизимлари билан жиҳозланган, ушбу Қонун 24-моддасининг иккинчи қисмида санаб ўтилган жамоат жойларига тааллуқли бўлмаган алоҳида ажратилган бинолар, иншоотлар ва объектларда;
  • аэропортларда рейсга рўйхатдан ўтган йўловчилар туриши учун мўлжалланган ҳудудларда ҳамда транзит бўйича ўтаётган йўловчилар учун мўлжалланган ҳудудларда ташкил этилган, вентиляция тизимлари билан жиҳозланган ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнини бошқа хоналардан кузатиш имконияти истисно этиладиган махсус ажратилган алоҳида хоналарда;
  • поездларнинг ишлаш учун мўлжалланмаган тамбурларида;
  • дарё кемалари палубаларининг орқа тарафида ташкил этилиши мумкин.

Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойларга тамаки маҳсулотларининг қолдиқлари учун ёнмайдиган ахлатдонлар, шунингдек бундай жойлар қаердалиги ҳақида ахборот берувчи кўрсаткичлар ўрнатилади.