«Газета.uz» тарихда ном қолдирган, маънавий-илмий мероси билан келажакка таъсир кўрсатолган, сиёсат майдонида овози, ўрнига эга аёллар ҳақида ҳикояларни давом эттиради. Бу сафарги ҳикоя нейробиолог олима, Италия ва Америкадаги илмий даргоҳлар ўртасида кўприк бўлган, нерв ўсиши омилини кашф этгани учун Нобель мукофотига лойиқ топилган профессор, Италиянинг умрбод сенатори Рита Леви-Монтальчини ҳақида.

Оилада қиз туғилса, аксар ота-она унинг илм-фан, жамият ривожига қўшадиган ҳиссасидан кўра кимнингдир рафиқаси, беш-олти боланинг онаси, рўзғорни эплайдиган хотин бўлишини орзу қилади. Вояга етгунича қизнинг онгига шу «миссия» мазмуни чуқур сингдирилади. Бағрикенг, аёл-эркак ҳуқуқини ҳар соҳада тенг тутадиган Европада ҳам бир аср аввал оталар қизларини ўқитиш, олима қилишни тасаввур қилолмасди. Италиялик олима, илмий тадқиқотлари сабаб «умрбод сенатор» мақомига эришган Рита Леви-Монтальчини ҳам шундай отанинг қизи эди.

«Отам Адамо Леви электр муҳандиси, онам Адел Монтальчини иқтидорли рассом ва ажойиб инсон эди, — деб ёзади кундаликларида. — Эгизагим Паола иккимиз 1909 йили оиладаги тўрт фарзанднинг энг кичиги бўлиб туғилганмиз. Акам Жино Турин университети профессори ва энг яхши итальян меъмори бўлиб етишди, биздан беш ёшга катта опамиз Анна эса эсини таниганидан швед ёзувчиси Сельма Лагерлёфнинг ашаддий мухлисаси бўлиб улғайган. Опамнинг ишқибозлиги менга ҳам юққан бир замонлар. Ёзувчи бўламан дердим. Лекин вақт кўп нарсани ўзгартирди, мақсадлар бошқа ўзанга бурилди».

Леви-Монтальчини оиласи. Ританинг отаси Адамо Леви (чапда). Акаси Жино, опаси Анна, эгизаги Паола ва Рита онаси Адел Монтальчини (ўнгда) билан. Фото: The Nobel PrizeЛеви-Монтальчини оиласи. Ританинг отаси Адамо Леви (чапда). Акаси Жино, опаси Анна, эгизаги Паола ва Рита онаси Адел Монтальчини (ўнгда) билан. Фото: The Nobel Prize

Зиёли, санъат ва илмни қадрлайдиган, меҳр-муҳаббатга тўлиқ оила бағрида Рита кўп эътибор, ғамхўрлик кўргани, болаларча шўхлик-эркаликларига имкон берилгани, опа-акаси, эгизаги Паола билан ғам кўрмай вояга етганини хотираномаларида эслайди. «Ҳаёт тарзимиз Викториан давридагидек эди: жамики қарор, якуний ҳукмни оила боши — отам қабул қилар, биз унга итоат этардик. У бизни жонидан ортиқ кўрар, аёлларга ҳурмати ҳаддан ташқари баланд эди. Аммо профессионал карьера хонимларга ярашмайди, уларни оналик ва хотинлик вазифаларидан чалғитади, чеклайди, деб ҳисобларди. Шу боис опам Анна, мен ва Паолани илм-фанга яқин йўлатмаслик, ошно қилмаслик пайида бўлди», дейди кундалигида.

Эгизаги Паоланинг рассомликка ишқибозлиги тарбияда қаттиққўл отанинг чекловларини ҳам писанд қилмади. У Италиянинг энг олди аёл рассоми бўлишга тиришиб, кексалик йилларида ҳам қўлидан мўйқаламини қўймайди. Ритада эса касб танлаш, келажакда қайси соҳанинг бошини тутиш масаласи андак оғир кечди. 20 ёшигача на санъат, на бошқа ишга қизиққан қизгина отаси билан юзма-юз гаплашишга, кўнглидагини яширмай, борича айтишга аҳд қилади: «20 га тўлганимда отам ўйлаган аёллик ролини қойиллатиб бажаролмаслигимни пайқадим, — дейди у. — Ундан профессионал карьерамни бошлашга изн сўрадим. Кейин саккиз ой давомида лотин, юнон тиллари ва математикадаги бўшлиқларимни тўлдиришга уриндим, юқори мактабни тамомлагач, Туриндаги тиббиёт мактабига ўқишга кирдим».

Ританинг ёшлиги. Фото: The Nobel PrizeРитанинг ёшлиги. Фото: The Nobel Prize

Туриндаги бу мактаб замонасининг энг илғор билимларини ўргатиши билан донг таратганди. Физиология ёки тиббиёт бўйича Нобель мукофотини олган Сальвадор Лурия ва Ренато Дульбекко ҳам шу мактаб ўқувчилари ҳамда Рита хонимнинг курсдошлари эди. Учови машҳур гистолог Жузеппе Левининг қўлида таҳсил олган. «Бизга биологияни чуқур ўргатгани, усуллари ғайриоддий саналган бир замонда илмий муаммоларга ўта антиқа йўллар орқали ечим топишни уқтиргани учун ҳам унинг олдида қарздормиз», деганди хоним.

1936 йили ўқишни аъло баҳо, имтиёзли диплом билан тугатган бўлғуси тадқиқотчи уч йил неврология ва психиатрия мутахассислиги бўйича билимини оширади. Бироқ келгусида ўзини тиббий фаолиятга бағишлаши керакми-йўқми ёки бараварига неврологияда илк тадқиқотни бошлаш нечоғлик муҳимлигини ўйлаб, иккиланиб қолади. Бироқ бу иккиланиш узоқ давом этмайди.

1938 йили Гитлерга хайрихоҳ, ҳаммаслак итальян йўлбошчиси Муссолинининг «Ирқий манифест«и эълон қилингач, Италиядаги яҳудийларнинг фуқаролик ҳуқуқи бекор қилинади, улар бошқа бир қатор ҳуқуқлардан ҳам маҳрум этилади. Ҳадемай мамлакатдаги жамики яҳудий олимларнинг илмий иш билан шуғулланиши, «олий ирқ»қа мансуб бўлмаганларнинг (фашистлар ғояси бўйича, яҳудийлар ҳам «олий ирқ» вакиллари эмасди) илм даргоҳларида дарс бериб, таҳсил олишини чекловчи қонунлар чиқарилади. Рита бир муддат Брюсселдаги неврология институтида ишлайди. Бельгия Германия томонидан босиб олингач, 1940 йил баҳорида оиласи бағрига — Туринга қайтган Леви-Монтальчини бу ерда ҳам фаолиятини давом эттиролмаслигини тушунади.

Монтальчинилар олдида икки йўл: Америкага кўчиш ёки кўмак-мададдан узилган яҳудийлар орасида амал-тақал жон сақлаш турарди. Оила боши иккинчисини танлайди. Шундан кейин илмга чанқоқ, карьерасини энди-энди бошлаётган Рита тушкунликка тушмай, ётоқхонасини лабораторияга айлантиради. Битта микроскоп, ип-игна, яна бошқа уй анжомлари билан эмбрионлардаги нейрогенезни ўрганишга киришади (эмбриолог Виктор Ҳамбургернинг жўжа эмбрионларида марказий асаб тизимининг ривожланиши бўйича 1934 йилда эълон қилган хулосалари Ритани шу соҳани чуқурроқ ўрганишга ундаган эди). Жўжа эмбриони нерв толалари ўсишини ўрганишда энг яхши модель эди. Шу сабаб Рита фақат жўжа нейронларига бор диққатини қаратади.

1941 йилдан Италия шаҳарлари бомбардимон қилина бошлагач, оила Туриндан қишлоқ жойга кўчиб ўтади. Тадқиқоти аро йўлда қолмаслиги учун Рита яқин атрофдаги деҳқон хотинлардан, фарзанди бўлмаса-да, «оч болаларимни тўйдириш учун» дея кўпроқ тухум топиб беришларини тинмай илтимос қилади. У энди соғлом жўжа эмбрионларидаги нерв ҳужайралари ўсиши билан мутант, оёқ, панжа, куртаклари ривожланишдан ортда қолган жўжа эмбрионларини солиштиришга ўтади. У ҳар бир ривожланиш босқичидаги эмбрионларни соатлаб микроскопдан кўз узмай текширар, ёриб кўрар, ҳис-туйғуга жавобгар нейронларнинг қандай ривожланишини кузатар ва натижаларни дақиқама дақиқа дафтарига ёзиб борарди.

Академиядаги илмий ишлардан четлаштирилган, қувғинда юрган Жузеппе Леви кунларнинг бирида собиқ талабасини йўқлаб келадию, унинг тадқиқотини бир сидра кузатиб, ассистенликка олишини сўрайди. Ритага ҳам айни шуниси муддао эди. Саволлари кўп, тополмаётган жавоблари кундан кун шубҳаларини кўпайтираётганди. Икки ҳаммаслак тез фурсатда енг шимариб, тадқиқотга жон-жаҳди билан киришади.

Кузатишлари пайти Рита бир хил миқдордаги нейронлар соғлом жўжа эмбрионига ҳам, ривожланишда нуқсони борига ҳам кўчиб ўтишини аниқлайди. У яна катта миқдордаги нейронлар ҳар иккала эмбрионда аввалига ўсиб, кейини ўлишини аниқлайди. Аммо айрим нейронлар ўсишдан тўхтамай, соғлом жўжа эмбрионида керагича топилса, мутант эмбрионларда бунинг акси эди. Бунга сабаб — мутант эмбрионларга уруғлантирувчи озуқа каби айрим ташқи омиллар етишмасди. Охир-оқибат, бир хулоса ўртага чиқди: нейронларнинг ривожланиши ва фарқланишига таъсир қилувчи ўсиш омили бор, фақат узил-кесил аниқлаб олинса бўлди.

Рита Леви ўз лабораториясида. 1959 йил. Фото: The Nobel PrizeРита Леви ўз лабораториясида. 1959 йил. Фото: The Nobel Prize

Нейрогенез ҳақидаги бу фикрлар Виктор Ҳамбургернинг 1934 йилги хулосаларига зид эди. Жузеппе ва Ританинг илмий қарашларини Мусоллини Италиясида чоп этиш имконсиз бўлиб, мақола Бельгияда нашр қилинади. Кейинчалик Виктор Ҳамбургернинг ўзи ҳам уларнинг таҳлилларини астойдил ўрганиб чиқади.

1943 йили Рита ўз тадқиқотларида андак танаффус қилишига тўғри келади: Иккинчи Жаҳон уруши янги босқичига кўтарилган, энди Италия шимолига Гитлер Германияси бостириб кирган эди. Монтальчинилар оиласи сохта паспорт билан Флоренцияга қочишга мажбур бўлади. «Уруш охиригача Флоренциядаги ертўлада жон сақладик, — дейди у. — Бу ерда ҳар куни энг яқин, қадрдон дўстларим, «Ҳаракат партияси»нинг мард партизанлари билан алоқада бўлиб турдим. 1944 йили инглиз-американ армияси нацистларни Флоренциядан қувиб чиқаргач, уларнинг бош-штабига доктор бўлиб ёлландим. Ҳамон уруш ўчоғи сўнмаган шимолдан оқиб келаётган қочоқларга ғамхўрлик қилдим, қўлимдан келганича ёрдам бердим. Улар орасида юқумли касалликлар эпидемияси, қорин тифи тарқалиб, ўлим сони ошар, ҳамшира ва доктор сифатида хасталарнинг оғриғига малҳам қўяр, кунлик ўлим таҳдидини биргалашиб енгардик».

Уруш тугагач, монтальчинилар ҳам Туринга қайтади ва Рита университетдаги ишини давом эттиради. 1946 йили Миссури штатининг Сент-Луис шаҳрида илмий фаолият билан банд Виктор Ҳамбургердан иш таклифи тушганида, Рита сира иккиланмай океанортига отланади ва 30 йилча АҚШда қолиб кетади. «Сент-Луисда 10−12 ойча қолишни мўлжаллагандим, бироқ изланишларимиздаги беҳад ажойиб натижалар Италияга қайтишимни ортга сураверди, — деганди у биографиясида. — 1956 йили associate professor лавозимига таклиф этишди, икки йил ўтиб тўлиқ профессорлик поғонасига кўтарилдим. 1962 йили Рим билан ҳамкорликда тадқиқот ишини бошладим ва қимматли вақтимни икки шаҳар: Рим ва Сент-Луис оралиғида сарфладим. 1969 йилдан 1978 йилгача Римдаги Италия Ҳужайра биологияси миллий тадқиқот институти директори бўлиб ишладим. 1979 йили пенсияга чиққач, шу даргоҳнинг фахрий профессори эътирофига сазовор бўлдим».

Фото: The Nobel PrizeФото: The Nobel Prize

ХХ аср даҳшатли кки Жаҳон урушидан ташқари тарихга «табиатшуносликдаги инқилоб» даври бўлиб ҳам кирди. Аср Квант механикаси назариясини яратишдан бошланиб, инсон геномининг тўлиқ тадқиқотларини нашр этиш билан тугалланди. Рита Леви-Монтальчини ҳам аср илм-фанига ўз ҳиссасини қўшиб, танлаган соҳасида инқилоб қилганлар сафида туради. АҚШдаги энг замонавий, жамики шароити бадастир лабораторияда илмий тадқиқотини давом эттираркан, Виктор Ҳамбургер ва Стэнли Коэн билан бирга нерв ўсиши омили (NGF) деб аталадиган нейронлар ўсиши ва фарқланишини осонлаштирадиган оқсилни аниқлайди. 1986 йили эса яна узоқ давом этган изланиш ортидан ҳамкасби Стэнли Коэн иккиси айнан асаб ўсиши омилларини кашф этгани учун Нобель мукофотига лойиқ топилади. Мукофотни қабул қилиш маросимида у: «Агар камситилмаганим ёки таъқибларга учрамаганимда, Нобель мукофоти каминага ҳечам насиб этмасди», деганди.

98 ёшида нутқ сўзлаётган Рита Леви-Монтальчини. Фото: Wikimedia Commons98 ёшида нутқ сўзлаётган Рита Леви-Монтальчини. Фото: Wikimedia Commons

NGF асаб ҳужайралари (нейронлар) сақланиши, кўпайиши ва омон қолишида иштирок этади, турли биологик жараёнларда муҳим роль ўйнайди. Бу кашфиёт олимларга ақли заифлик ҳамда Альцгеймер касаллигини ўрганиш, саратоннинг терапевтик муолажаларини ўтказишда ёрдам берди. Бундан ташқари, склероз, шизофрения, аутизмни даволашга сабаб бўлиши мумкинлиги айтилди.

Италия, Америка илмий даргоҳларининг нуфузли мукофотлари насиб этган Рита хонимни 2001 йили президент Карло Чампи Италиянинг умрбод сенатори қилиб тайинлайди. Олима африкалик аёлларнинг «ўз имкониятларини тўла-тўкис ривожлантириш учун керакли анжомлар» билан таъминлаш мақсадида ўз номи билан аталувчи фондни ташкил қилади.

Леви-Монтальчини жамоат ишларида ҳам фаоллик кўрсатади. Кўп кучини ёш олимларни қўллаб-қувватлашга, рағбатлантиришга сарфлайди. «Бахтимга, Альцгеймерга чалинмадим. Адашмасам, тафаккур қилиш қобилиятим ҳозир 20 яшарлигимдан анча кучли. Чунки фикрларим катта тажрибам билан бойиган. Сабаби оддий: бу қизиқувчанлигим сўнмагани, изтироб чекаётганларга яқин бўлиш истагим сусаймаганидан», — деганди у 100 ёшга тўлганида.

Умрининг сўнгги кунларигача теран ақли, хотирасини йўқотмаган Рита Леви бир неча соат бўлсин тадқиқот иши билан шуғулланишни канда қилмаган. 100 га кирганида ўзи таъсис этган Европа мия тадқиқоти институти (EBRI) унинг ақли ҳамон ўткирлиги, 80 йил олдингидек эканини маълум қилади. Ўзини илм-фанга бағишлаб, оила қуришдан воз кечган ҳамда нейробиологияда мактаб яратган Рита хоним 104 ёшида абадий уйқуга кетди.