АҚШ Молия вазирлиги Россияга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди, дея хабар берилди вазирлик сайтида.

АҚШ санкцияларининг янги пакети Россиянинг ҳарбий-саноат комплексини етказиб бериш, олтин қазиб олиш операциялари, Россиянинг келажакдаги энергия даромадлари ва жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтиш учун бўшлиқларни ёпишга қаратилган.

Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) «қора рўйхат»ига 46 нафар шахс, жумладан, бош вазир ўринбосари Виктория Абрамченко, таълим вазири Сергей Кравцов, омбудсман Татьяна Москалькова, Россия президенти ёрдамчиси Игор Левитин ва россиялик миллиардер Игор Кесаев киритилган.

Бундан ташқари, Россия Ташқи разведка хизмати, Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Серго Орджоникидзе номидаги Россия геология-қидирув университетига нисбатан санкциялар жорий этилди. Санкциялар остида «Полиметалл», олтин қазиб олувчи «Полюс» компанияси, шунингдек, Россия мудофаа секторига хизмат кўрсатувчи бир қатор компаниялар ҳам қолган.

АҚШ Молия вазирлиги, шунингдек, Россияга маҳсулот етказиб берган ёки уларни Россия ҳудудида ишлаб чиқариш билан шуғулланган 30 га яқин импорт қилувчи компания ва электроника ишлаб чиқарувчиларни ҳам санкциялар рўйхатига киритди.

«OFAC Россияда ёки Россия ҳудудига электрон компонентлар, яримўтказгичлар ва микроэлектроника импорт қилувчи, жўнатувчи ёки ишлаб чиқарувчи 30 дан ортиқ компанияни рўйхатга киритган», — дейилади хабарда.

Рўйхат электрон компонентлар ишлаб чиқарувчи «ЕвроМикроТех», хорижда ишлаб чиқарилган электрон компонентлар етказиб берувчи Phoenix Electronics, оптоэлектрон ускуналар ишлаб чиқарувчи «Протон», электроника ишлаб чиқарувчи Target Electronics, Европа ва Осиё ишлаб чиқаришининг электрон компонентларини етказиб берувчи «Инелсо» ва бошқаларни ҳам ўз ичига олади.

АҚШ Россия ва Беларусга 1200 дан ортиқ турдаги товарлар, жумладан, қурилиш материаллари, матолар, қоғоз, бўёқлар, транспорт воситалари, шу жумладан, озиқ-овқат саноати учун қайиқлар, ускуналар ва бошқаларни экспорт қилишни чекловчи бир қатор санкциялар киритди. Қайд этилишича, тақиқ Россия ҳудудидаги одамлар ва ташкилотларнинг товарларни ўтказишига ҳам тегишли.

Шунингдек, Россия, Арманистон ва Қирғизистоннинг «АҚШ манфаатларига таҳдид солувчи» 71 та компаниясига қарши санкциялар қўлланди — «Ижевск учувчисиз тизимлар» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, «Пролетар заводи» очиқ акциядорлик жамияти (ОАЖ), «Техмаш» илмий-ишлаб чиқариш кластери, Ульяновск механика заводи, «Курганмашзавод» ОАЖ, Улан-Удэн авиация заводи, Брянск автомобиль заводи, «Урал» ва бошқалар.

Рўйхатдаги арман компанияси Medisar LLC ҳисобланади. Компания веб-сайтига кўра, у кимёвий хомашё ва реагентлар етказиб бериш билан шуғулланади, лаборатория ускуналари хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг Арманистондаги расмий вакили: Kinematika AG (Швейцария), ATAGO (Япония), Hanna instruments (Германия), Citizen (АҚШ) ва бошқалар.

Қирғизистон компанияси — Tro.Ya LLC. Tro.Ya веб-сайтида кўрсатилишича, у саноат автоматизацияси, навигация ускуналари ва телекоммуникация компонентлари учун электрон ускуналарни етказиб беради.

19 май куни Буюк Британия ҳам Россияга қарши санкцияларни узайтирган. Мамлакатнинг санкциялар рўйхатига бешта банк киритилган, жумладан, Тинькофф Банк, «Дом.РФ» банки ва Росбанк. Бундан ташқари, россиялик миллиардерлар билан алоқадор компаниялар Буюк Британиянинг санкциялари остида қолди: «Cеверсталь», АФК «Система» и ТМК шулар жумласидандир, деб ёзади Forbes.

Ҳаммаси бўлиб, санкциялар рўйхатига Россиядан 86 та компания ва жисмоний шахслар киритилган. Улар орасида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов, «Газпром нефть» директорлар кенгашининг 13 нафар аъзоси ва «Транснефть» директорлар кенгашининг 5 нафар аъзоси, 20 нафар мудофаа корхоналари ва компаниялари раҳбарлари бор.

Россиянинг жавоби

Кўп ўтмай, Россия Ташқи ишлар вазирлиги жавоб чораси сифатида 500 АҚШ фуқаросининг Россияга киришини тақиқлади. Рўйхатга собиқ президент Барак Обама, шунингдек, «русофобик қарашлар ва фейкларни тарқатишга» алоқадор таҳлил марказлари ходимлари ҳам бор. Бундан ташқари, комедиячилар Стивен Колбер и Жимми Киммел, ижро ҳокимиятининг турли даражадаги амалдаги ва собиқ раҳбарлари, Конгресс аъзолари, ҳарбий компаниялар раҳбарлари, Америка ташкилотлари таҳлилчилари ва тадқиқотчиларига ҳам кириш тақиқланган.

Аввал хабар берганимиздек, Европа Иттифоқи давлатлари Россиянинг Украинадаги уруши муносабати билан янги санкцияларни муҳокама қилмоқда. Reuters инсайдерларига кўра, Россияга киритилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган Хитой, Эрон, Қозоғистон ва Ўзбекистон компаниялари қора рўйхатга киритилиши мумкин.