Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев.

Мутолаа ҳақида

Инглиз тилида бир гап бор: «You are what you eat». Яъни сени (жисмоний ҳолатингни, соғлиғингни) истеъмол қилаётган нарсаларинг белгилайди. Мен ши иборани бошқача қилиб айтган бўлардим: «You are what you read. Яъни ақлингни, дунёқарашингни, фикрлашингни ўқиганларинг белгилайди. Зеро, айнан китоб, илмий ёки оммабоп материаллар ўқиш орқали инсон ўз ақлий салоҳиятини ривожлантириш имконига эга бўлади, фикрлаш доирасини кенгайтириб боради, керак бўлса ўзининг ижтимоий-сиёсий қарашларини ўзгартира олади. Шу маънода, доимий мутолаа одатини шакллантириш инсон учун энг фойдали кўникма, деб ҳисоблайман.

Албатта, кундалик ҳаёт ташвишлари, иш ва бошқа юмушлар туфайли доимий мутолаага вақт ёки қунт топиш осон эмас. Шу боис мен ўзим учун «30 дақиқа қоидаси»ни белгилаганман. Нима бўлишидан қатъи назар ҳар куни мутолаа учун (у ҳоҳ китоб, ҳоҳ бирор илмий, таҳлилий мақола, янгилик бўлсин) камида 30 дақиқа вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Буни имкон қадар оқшом пайти, уйда, фарзандларим олдида қилишга ҳаракат қиламан. Бу бир томондан ўзимда доимий мутолаа қадриятини ривожлантиришга, китоб ўқиш мен учун кундалик одатга айланишига ёрдам беради, иккинчидан, фарзандларим мени ҳар куни нимадир ўқиётганимни кўриб катта бўлса, уларнинг онгида ҳам китоб ўқиш кундалик қилинадиган одатий амал сифатида шаклланади, келажакда уларда ҳам китоб ўқишга муҳаббат пайдо бўлишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Гарчи сўнгги йилларда асосан бадиий бўлмаган (non-fiction), фан, соҳага оид ёки биографик китоблар ўқисам-да, лекин маълум даврийлик асосида бадиий китоблар ўқиб бориш ҳам муҳим, деб ўйлайман. Чунки яхши бадиий китоб нафақат инсонга маънавий, руҳий лаззат бериши, балки тасаввурини кенгайтиришга, руҳий ҳолатини яхшилашга, шунингдек, бадиий асар яратилган давр, замон, жамиятдаги муҳитни англаш, ундаги ижтимоий-ахлоқий муносабатларни тушунишга ҳам ёрдам беради. Шундан келиб чиқиб, китоб ўқишда ўзим учун ўрнатган 3+1 қоидам бор: ҳар учта бадиий бўлмаган китобдан сўнг албатта битта ўзбек ёки жаҳон адабиётидан бадиий китоб ўқийман.

Сўнгги ўқилган китоблардан тавсиялар

Sergei Guriyev, Daniel Triesman. «Spin Dictators». Princeton University Press. 2022 йил. 360 саҳифа

дониёр ғаниев, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Китобда дунё кундан-кунга ўзгариб, замонавийлашиб бораётган бир пайтда, XXI аср диктаторлари қиёфаси ва бошқарув услублари қандай ўзгараётганини очиб беришга ҳаракат қилинган. Муаллифлар фикрича, ХХ асрнинг Сталин, Гитлер, Мао каби шафқатсиз диктаторларидан фарқли ўлароқ бугунги замонавий автократлар/диктаторлар ҳокимиятни куч билан эмас, балки ахборот манипуляцияси ва турли популистик ёндашувлар орқали ушлаб туришни маъқул кўрмоқда. Чунки ахборот асрида қўрқув ва зўравонлик билан ҳокимиятни бошқариш бир томондан самарасиз ва қиммат бўлса, бошқа томондан халқаро ҳамжамият томонидан ҳокимият легитимлигини тан олинмаслигига олиб келади.

Михаил Булгаков. «Уста ва Маргарита». «Шарқ» нашриёти. 480 саҳифа

дониёр ғаниев, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Шубҳасиз, рус совет адабиётининг олтин асарларидан бири. Уни биринчи марта 7−8 йил аввал ўқигандим, яқинда яна бир бор ўқиганимдан афсусланмадим.

Биринчи марта ўқиганда бу шедевр китобхонда қандайдир мураккаб ва тушунарсиз романдек таассурот қолдиради. Лекин Булгаковнинг бу асарини тушуниш, ундаги қаҳрамонлар, образлар орқали ёзувчи нима демоқчи бўлганини англаш учун, менимча, контекстни, яъни асар ёзилган давр, ундаги сиёсий тузум ва ижтимоий муҳитни ҳам билиш муҳим. Асардаги образ ва сюжетлар орқали муаллиф дин ва эътиқодни рад этувчи, озодлик ва эркинликка заррача жой қолдирмаган жамият (коммунистик режим) ҳалокатга маҳкум эканлигини башорат қилади (ва бу башорати тўғри бўлиб ҳам чиқди).

Тўғриси, бундай жасорати билан Булгаков қандай қилиб золим Сталин терроридан омон қолгани, асари эса бизгача етиб келгани мени ҳозиргача ҳайрон қолдиради. Сотиб олиш.

Mark Koyama, Jared Rubin. «How the world became rich». Polity нашриёти. 2022 йил. 240 саҳифа

дониёр ғаниев, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Охирги 200 йилликдаги феноменал иқтисодий ўсиш туфайли бугун дунё аҳолиси инсоният тарихидаги энг яхши даврда яшамоқда. Лекин бу мисли кўрилмаган иқтисодий фаровонлик сабаблари, омиллари нима? Ўзининг неча минг йиллик тарихида инсоният нега айнан 18 асрдан кейин бундай ривожланишга эриша олди?

Ушбу қисқа, лекин иқтисодий таҳлил ва тадқиқотга бой китобда муаллифлар юқоридаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қилган. Муаллифлар улардан аввалги тадқиқотчилар хулосаларини тасдиқлаган ҳолда инклюзив, демократик институтлар («ўйин қоидалари») барқарор иқтисодий ўсишнинг асосий кафолати эканлигини такидлаган бўлса-да, лекин жамиятда бундай институтлар шаклланишида тарихий воқеа ва ҳодисалар, мамлакатнинг географик ўрни, мавжуд маданият, қадрият ва ижтимоий нормалар каби кўплаб омиллар муҳим роль ўйнашини ҳам инкор этмайди.

Linda Yueh. «What would the great economist do?». Picador нашриёти. 2018 йил. 368 саҳифа

дониёр ғаниев, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Иқтисодчи, Оксфорд университети, Лондон бизнес мактаби ва Лондон иқтисодиёт мактаби каби йирик олийгоҳлар профессори Линда Юнинг ушбу асари замонавий иқтисодиёт фанининг 12 даҳоси ҳақида. Китобда Адам Смит, Карл Маркс, Жон Кейнес, Фридрих Ҳайек, Милтон Фридман каби иқтисодчилар ҳаёти, илмий ишлари ва уларнинг замонавий иқтисодиёт фанига қўшган ҳиссалари ҳақида қисқа, лекин қизиқарли маълумотлар келтирилган.

Шу билан бирга, китобда муаллиф агар бу даҳолар ҳозир ҳаёт бўганида бугунги дунё қаршисида турган глобал иқтисодий муаммолар, хусусан инфляция, ишсизлик, ижтимоий тенгсизлик, халқаро савдога оид муаммоларга қандай ечимлар таклиф қилган бўлишини тахмин қилади. Иқтисодчи бўлмаган, лекин иқтисодиётга, хусусан машҳур иқтисодчи олимлар ҳаёти ва уларнинг иқтисодий ғоя ва қарашларига қизиққанлар учун қизиқ ва фойдали китоб.

Christopher Blattman. «Why we fight: the roots of war and paths to peace». Viking нашриёти. 2022 йил. 400 саҳифа

дониёр ғаниев, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Инсоният тарихида урушлар ва қуролли низолар нафақат юз миллионлаб (эҳтимол миллиардларлаб) инсонлар ҳаётига фожиали нуқта қўйган, балки ҳар қандай тараққиётни ортга сурган, иқтисодиётни ҳонавайрон, инфртазуламаларни яксон қилган, қисқа қилиб айтганда — бизни фақат ва фақат қашшоқлаштирган. Хўш, шундай экан, унда инсоният нега урушаверади? Нега қуролли тўқнашувлар ҳамон давом этмоқда?

Кўп йиллар давомида Африкадаги «қайноқ нуқталар»да тадқиқот олиб борган Чикагодаги Ҳаррис мактаби профессори Кристофер Блатман ушбу китобда урушлар, ҳарбий низолар келиб чиқишининг асосий сабабларини беш тоифага ажратган ҳолда таҳлил қилади. Муаллифга кўра, урушларни бошлаш ҳақидаги қарорлар асосан чексиз ҳокимиятга эга, тийиб турилмайдиган шахс ёки гуруҳлар томонидан ўз манфаатларини ўйлаб қабул қилинади (худди Россиянинг Украинага бостириб кириши каби).

Китобда, шунингдек, ҳарбий низоларнинг олдини олиш йўллари ҳам кўриб чиқилган.

Чарльз Уилан. «Яланғоч иқтисодиёт». Asaxiy Books нашриёти. 2022 йил. 540 саҳифа

дониёр ғаниев, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар

Истаймизми-йўқми, иқтисодиёт ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимизга таъсир қилади. Бошланғич иқтисодий билимлар аксарият иқтисодий-ижтимоий муносабатларни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Asaxiy Books томонидан ўзбек тилига таржима қилинган иқтисодиётга оид бу ажойиб китоб эса бошланғич иқтисодиётни формула ва чизмаларсиз, содда ва тушунарли мисоллар билан тушунтиради. Мен бу китобни иқтисодий билим даражаси ёки танлаган соҳасидан қатъи назар барча ёшларга, талабаларга тавсия қилган бўлардим. Сотиб олиш.

Ёшларга тавсиялар

Ҳар бир инсоннинг ўз қизиқишлари, ўлчов ва танловлари бор, албатта. Бир инсонга маъқул келган, қизиқ бўлган асар бошқалар учун қийин ёки зерикарли бўлиши мумкин. Шу боис ҳар ким ўз қизиқиш ва ҳоҳишлари, ақлий салоҳияти ва имкониятлари, танлаган касби ва профессионал эҳтиёжларидан келиб чиқиб танлов қилиши керак. Лекин нима бўлганда ҳам, энг асосийси — ўқиш керак.

Қуйида ўзим ўқиган (эсимда қолган) ва менга маъқул келган баъзи китобларни тавсия қилишим мумкин:

Ўзбек адабиёти

  • Абдулла Қодирий. «Ўткан кунлар» (сотиб олиш), «Меҳробдан чаён» (сотиб олиш);
  • Абдулҳамид Чўлпон. «Кеча ва кундуз» (сотиб олиш);
  • Абдурауф Фитрат. «Ҳинд сайёҳининг қиссаси»;
  • Тўғай Мурод. «Отамдан қолган далалар» (сотиб олиш);
  • Ўткир Ҳошимов. «Икки эшик ораси» (сотиб олиш), «Урушнинг сўнги қурбони»;
  • Тоҳир Малик. «Шайтанат» (сотиб олиш);
  • Шукур Холмирзаев. «Ўзбек характери»;
  • Жавлон Жолиев. «Қўрқма» (сотиб олиш).

Жаҳон классик адабиётидан

Илмий-оммабоп китоблар

  • Дарон Ажемўғли, Жеймс Робинсон. «Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» (сотиб олиш);
  • S.Levitt, S.Dubner. «Freakonomics» (китоблар серияси);
  • Yuval Noah Harari. «A Brief History of Humankind»; «21 lessons for the 21st Century» (сотиб олиш);
  • Jared Diamond. «Guns, Germs and Steel»;
  • Francis Fukuyama. «The Origins of Political Order», «Political Order and Political Decay»;
  • Richard Taler, Cass Sunstein. «Nudge» (сотиб олиш);
  • Йона Бергер. «Юқумлилик» (сотиб олиш).

Биография ва мемуарлар:

  • Ли Куан Ю. «Учинчи дунёдан биринчи дунёга. Сингапур тарихи»;
  • Уолтер Айзексон. «Стив Жобс» (сотиб олиш);
  • J.Campbell, D.Freeman. «The Iron Lady: Margaret Thatcher»;
  • Brad Stone. «Jeff Bezos and the Age of Amazon» (сотиб олиш);
  • Тони Шей. «Бахт етказиш. Миллиард долларлик интернет дўкон тарихи» (сотиб олиш);
  • Alex Haley. «Malcolm X»;
  • Simon Montefiore. «Stalin»;
  • Ezra Vogel. «Den Xiaoping and Transformation of China».