Италия шимолидаги Эмилия-Романья ҳудудида кучли сув тошқинлари оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди, 13 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди, деб хабар бермоқда BBC News.

Бир ярим кун ичида бу ҳудудда 6 ойлик миқдордаги ёмғир ёғиб ўтди, 20 дан ортиқ дарё қирғоқларидан тошиб кетди, оқибатда ер кўчкиси содир бўлди ва камида 40 та аҳоли пунктини сув босди, деб ёзади The Guardian.

Қутқарув операцияларида Италия қуролли кучлари ва соҳил хавфсизлик хизмати иштирок этди. Бир қатор ҳудудларда тозалаш ва тиклаш ишлари бошланган. 27 мингга яқин одам ҳамон электр энергиясиз қолмоқда.

Келгуси ҳафта охирида минтақада бўлиб ўтиши керак бўлган «Формула-1» Гран-приси яқин атрофдаги Сантерно дарёсини сув босиши хавфи туфайли бекор қилинди.

Тошқин Италияда сўнгги 100 йилдаги энг ҳалокатлиси деб баҳоланмоқда. Эмилия-Романья губернатори Стефано Боначчини 2012 йилда минтақада содир бўлган ва 28 кишининг ҳаётига зомин бўлган зилзила билан ёғингарчилик сабабли юзага келган вайронагарчиликлар кўламини таққослади. Унинг қўшимча қилишича, минтақани тиклаш учун бир неча миллиард доллар керак бўлади.