«Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти тизимидаги икки нафар етакчи муҳандис пора олишда гумонланиб ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Жараёнда «Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти филиалининг «Ўртачирчиқтумангаз» газ таъминоти бўлими етакчи муҳандиси М.О. маҳаллий МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасида белгиланган меъёрдан ортиқ компрессор жиҳозлари ўрнатилгани учун жарима расмийлаштирмаслик эвазига 8 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида у мазкур пул маблағини «Ҳудудгаз Тошкент» газ таминоти филиалининг етакчи муҳандиси Б.М. кўрсатмасига асосан олгани аниқланиб, ушбу шахс ҳам ушланди.

Ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.