18 май куни Хитойнинг Сиань шаҳридаги Тан сулоласи боғида «Марказий Осиё — Хитой» биринчи саммитида иштирок этаётган давлатлар раҳбарларини расман кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқасини Хитой раиси Си Цзиньпин ва рафиқаси кутиб олган.

Марказий Осиё - Хитой

Марказий Осиё - Хитой

Маросимда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва рафиқаси, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этди. Улар биргаликда суратга тушди.

Марказий Осиё - Хитой

Марказий Осиё - Хитой

Меҳмонларга сарой олдидаги майдонда Хитой тарихи ва маданиятини ўзида акс эттирган саҳналаштирилган чиқишлар ва концерт дастури намойиш этилди. Саммитнинг асосий тадбирлари бугун, 19 май куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистон президенти 2022 йил январь ойида Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарлари иштирокидаги видеоанжуманда иштирок этганди. Давлат раҳбари ўшанда 2023 йилни «Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили» деб эълон қилишни таклиф қилган.

Йил доирасида асосий эътиборни академик ва талабалар алмашинуви дастурларига, ёшлар форумлари ва спорт мусобақаларини ўтказишга қаратиш режа қилинган.