Ўзбекистонда давлат муассасалари эҳтиёжи учун қуёш батареяларини ўрнатиш бўйича танлов натижалари бекор қилинди, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Президент қарори билан 20 февралда ташкил этилган Yashil Energiya компанияси март ойида давлат объектлари ва давлат муассасаларида кичик қуёш батареясини ўрнатиш бўйича қарийб 2 триллион сўмлик (Марказий банкнинг 18 майдаги курси бўйича қарийб 174,8 миллион доллар) энг яхши таклифларни танлаб олган. Танлов комиссиясига энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов раислик қилган.

Қуёш панелларининг умумий қуввати 219,4 МВтни ташкил этган. Уларни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, хусусан, Тошкентнинг бир қанча туманларида ўрнатиш режалаштирилганди.

Блогер Davletov.uz давлат харидлари портали маълумотларига таяниб, танлов ғолибларини маълум қилди:

  • Тошкент шаҳридаги давлат ва ижтимоий соҳа объектлари учун 323 миллиард сўмлик қуёш батареялари етказиб бериш — Virtec Power.
  • Тошкент шаҳри, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги давлат ва ижтимоий соҳа объектларини қуёш батареялари билан таъминлаш — 275,8 млрд сўм — Virtec Power.
  • Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларига қуёш батареяларини етказиб бериш — 272,6 млрд сўм — Virtec Power.
  • Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари объектлари учун 276,4 миллиард сўмлик қуёш панелларини етказиб бериш — Virtec Power.
  • Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманларига 390 миллиард сўмлик қуёш панелларини етказиб бериш — Cifra B.
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига 339 млрд сўмлик қуёш панелларини етказиб бериш — Cifra B.

Шундай қилиб, Virtec Power 1 триллион 148 миллиард сўмлик лотларни қўлга киритган. Компания 1999 йилда ташкил этилган. Таъсисчилар сифатида Virtec (17,6%), Гўзал Рихсибаевна Абидова (52,3%) ва Диёр Нозимович Аббасов (30,1%) кўрсатилган.

Cifra B 729 миллиард сўмлик лотлар ютиб олган. Компания 2019 йил март ойида рўйхатдан ўтган. Муассислар Илҳомжон Омонович Омонов ва Мирзахид Марипжонович Жамолдинов (ҳар бири 50 фоиздан).

Yashil Energiya акциядорлик жамиятининг устав капитали 118,4 млрд долларни ташкил этади. Жамият акцияларининг қарийб 96 фоизи олтита банк — «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асакабанк», «Агробанк» ва «Ўзмиллийбанк» (ҳар бири 19,1 фоиздан), шунингдек, «Туронбанк» ва «Қишлоқ қурилиш банк» (ҳар бири 9,58 фоиздан) инвестиция компанияларига тегишли. Қолганлари Энергетика вазирлиги ҳузуридаги тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасига тегишли.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, танловда қуёш панелларини ўрнатиш билан шуғулланувчи 18 та компания иштирок этган.

«Шунга асосан, танлов натижалари бўйича ютган компаниялар билан тузилган шартномалар мазкур компаниялар томонидан шартнома шартлари бажарилмагани сабабли бекор қилинди», — дейилади хабарда.

Ажратилган маблағларни ҳисобга олган ҳолда умумий қуввати 2,5 МВт (бекор қилинган танлов ҳажмидан 87 баравар кам) қуёш фотоэлектр қурилмаларини қуриш бўйича янги тендер эълон қилинди.

Кейинги босқичда лойиҳаларнинг асосий қисмини халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда бу борада музокаралар олиб борилмоқда.

«Бу эса, ўз навбатида, лойиҳаларнинг нархини пасайтириш ва уларнинг сифатли амалга оширилишида муҳим аҳамиятга эга», — дея таъкидлайди Энергетика вазирлиги.

«Газета.uz»га маълум бўлишича, 28 апрель куни бўлиб ўтган Тошкент халқаро бизнес-форумида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «техник сабаблар туфайли» танлов натижалари бекор қилинганини маълум қилди.

«Биз танловни кўриб чиқамиз. Ушбу масала бўйича алоҳида ички текширув мавжуд. Биз молиявий имкониятлар мавжудлигини ҳисобга олиб, уни тақсимлашга ва кичик ҳажмлардан бошлашга қарор қилдик, чунки Yashil Energiya компанияси тендерни бироз нотўғри ташкил этиб, босқичма-босқич жорий этилиши керак бўлган барча миқдорни эълон қилган», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ушбу танлов ўрнатилган қуёш панеллари нархини «сезиларли даражада» камайтириш имконини берди. «Ҳар қандай рақобат, ҳар қандай тендер рақобатдир ва пировардида у истеъмолчига фойда келтиради», — деди вазир.