Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Хитойдан катта миқдорда дори воситалари сотиб олгани, таблетка кўринишидаги ушбу препаратлар республика бўйлаб 60 ёшдан ошган аҳоли вакилларига берилиши, аммо улар инсон организми учун хавфли экани ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, бу хабарлар ҳақиқатга зид.

Таъкидланишича, бундан 2 йил аввал республикада коронавирус пандемияси авж олган даврда ҳам интернетда COVID-19 инфекциясига қарши ишлаб чиқарилган вакциналар тўғрисида шу сингари маълумотлар тарқатилган.

«Бироқ орадан вақт ўтиб, ушбу хабарлар мутлақо уйдирма экани маълум бўлди. Аксинча, вакциналар аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясига қарши оммавий иммунитетни шакллантириш, касалликнинг олдини олиш ҳамда пандемияни тўхтатишда муҳим восита бўлиб хизмат қилди», — дейилади хабарда.

ССВ шу кунларда тарқалаётган хабарларни ҳам «бўҳтон ва сафсатадан бошқа нарса эмас» деб атади ва аҳолидан фейк хабарларга ишонмасликни сўради. Шу билан бирга, тиббиёт соҳаси билан боғлиқ маълумотларни вазирлик сайтидангина олиш кераклиги эслатиб ўтилди.