18 май куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал лейтенант Баҳодир Қурбонов расмий ташриф билан келган Қозоғистон мудофаа вазири генерал-полковник Руслан Жақсилиқов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Мудофаа вазирлиги хабар қилди.

Мудофаа вазирлиги Марказий аппаратида ўтказилган икки томонлама ҳамкорлик учрашувида генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов қозоғистонлик ҳамкасбини Ўзбекистонга уюштирган ташрифи билан қутлаб, мустақиллик йилларида икки давлат ўртасида ўрнатилган дўстона ҳарбий муносабатларнинг фақат ижобий томонга силжиб бораётганини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон мудофаа вазири икки томонлама ҳамкорликдаги эришилаётган ютуқларга тўхталар экан, ўзаро яқин дўстона муносабатлар ўзбек-қозоқ алоқаларини янги стратегик шерикчилик босқичига кўтариб, иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамлаётганини қайд этди.

Қайд этилишича, Икки давлат мудофаа вазирлари ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган масалалар борасида ҳам ҳамкорликни давом эттиришнинг истиқболли таклифлари билан чиқди.