16−18 май кунлари Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) йиллик форуми бўлиб ўтмоқда. ЕТТБ бош иқтисодчиси Беата Яворчик ҳамда ЕТТБ етакчи минтақавий иқтисодчиси Эрик Ливни «Газета.uz»га берган интервьюсида иқтисодиёт учун янги глобал рисклар, зарур ислоҳотлар, инвестицияларни жалб қилиш стратегиялари, хусусийлаштириш жараёнидаги устуворликлар ҳамда ислоҳотларни жамият томонидан қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб беришди.

— Бу йил ЕТТБнинг йиллик йиғилиши «Барқарорликка сармоя киритиш» мавзусида ўтказилмоқда. Миллий иқтисодлар, жумладан, Ўзбекистон учун уларнинг барқарорлигига таҳдид солиши мумкин бўлган янги хавфлар ҳақида гапира оласизми?

Беата Яворчик: Мен учта глобал хавфни келтираман. Биринчиси, бу халқаро қарзлар бўйича харажатлар. Биз фаолият юритаётган мамлакатларда [Россиянинг Украинага қарши] уруши бошланганидан буён халқаро бозорларда қарз олиш харажатлари ошган. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Бу харажатлар қарийб икки баравар ошди. 2011 йилда Standard & Poor’s халқаро рейтинг агентлиги АҚШ рейтингини ўзгартирганида бўлгани каби, АҚШда қарзнинг энг юқори меъёрини ошириш бўйича мунозаралар ва кескин музокаралар АҚШ қарзи рейтингини пасайтириш имкониятини яратди. Агар бу сафар ҳам ушбу ҳолат содир бўлса, бу ривожланаётган бозорлар учун қарз олиш харажатларини янада ошириши мумкин. Уруш бошланганидан бери қарз олиш харажатларининг мутлақ маънода ҳам, Германия ва АҚШ каби мамлакатларда қарз олиш нархига нисбатан ҳам ошганини кўрдик. Чунки нотинч даврларда инвесторлар макроиқтисодий хатарарга кўпроқ эътибор беришади. Шу боисдан агар АҚШда келишувга эришилмаса, бу халқаро бозорларда безовталикка олиб келиши ҳамда инвесторлар макроиқтисодий хатарлар учун талаб қиладиган компенсация ҳажмини ошириши мумкин.

Иккинчи хавф — бу ҳамма жойда мавжуд бўлган инфляция. Бироқ у ривожланаётган бозорларда ривожланган мамлакатлардаги ўртача кўрсаткичдан бироз юқорироқ бўлади. Бизнинг ҳисоботларимизга кўра, ЕТТБ мамлакатларида инфляция ўзининг энг юқори чўққисига чиққан. Аммо бу, асосан, энергия ва озиқ-овқат харажатларининг пасайиши ҳисобига содир бўлди, айни пайтда базавий инфляция беқарорлигича қолди. Шу муносабат билан ХВЖ инфляция прогнозлари биз учун жуда оптимистик кўринади. Бу ерда сиз ривожланган иқтисодиётлар ва ривожланаётган бозорлар ўртасидаги фарқни кўриб чиқишингиз керак. АҚШда икки хонали инфляция охирги марта 1970-йиллар охирида, 50 йил аввал кузатилган. Шунинг учун одамлар буни эсламайдилар. Дунёнинг бу қисмида кўпчилик, айниқса 50 ёшдан ошганлар гиперинфляция даврини яхши эслашади. Ва шунинг учун бу ерда одамлар инфляцияга нисбатан сезгирроқ бўлишлари мумкин. Ва инфляцион кутилмалар чуқур илдиз отиши мумкин, бу эса инфляцияга қарши курашишни қимматлаштиради.

Учинчи хатар эса, бу — «френдшоринг», узилиш ва фрагментация каби тенденциялардир. Бошқача айтганда, бу геосиёсий кескинлик бўлиб, дунёни икки блокка ажратиши, мамлакатларни қайси блокда бўлишни танлашга мажбур қилиши мумкин. Транзит тўғрисидаги охирги ҳисоботимизда биз бу ҳолат ЕТТБ мамлакатлари учун нимани англатиши мумкинлиги ҳақидаги тадқиқот натижаларини тақдим этганмиз. Хулоса шундай: бундан ҳамма ютқазади.

беата яворчик, еттб, эрик ливни

— Шу нуқтаи назардан, ислоҳотлар жараёнини тезлаштириш учун ҳукуматлар қандай сиёсат юритишлари керак?

Беата Яворчик: Эҳтимол савол ҳукумат қандай ислоҳотларни амалга ошириши кераклигида эмас, чунки буни ўзлари ҳал қилади, балки ислоҳотларни амалга оширишда қандай тамойилларга амал қилиш кераклиги тўғрисида.

Халқаро тажриба бизга нима дейди? Биринчиси — башоратлилик. Башорат қилса бўладиган муҳит керак, чунки бу хусусий сектор ва хорижий инвесторларнинг ҳаётини енгиллаштиради. Башоратлиликсиз инвестициялар оқимига салбий таъсир кўрсатадиган ноаниқлик вужудга келади.

Халқаро тажрибага кўра, ташқи дунёга очиқлик ташқаридан билим ва технологияларни олиш услубидир, бу хоҳ савдо, хоҳ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар орқали, хоҳ одамлар ҳаракати натижасида бўлсин.

Учинчи йўналиш эса хусусийлаштириш. Давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўз юритиладиган бой адабиёт мавжуд. Агар ЕТТБ мамлакатларига назар ташласангиз, бизнинг мамлакатларда давлатнинг иқтисодиётдаги улуши худди шундай даромад даражасига эга мамлакатларга қараганда кўпроқ. ЕТТБ мамлакатларида давлат секторида банд бўлганларнинг умумий бандликдаги улуши бошқа мамлакатларга нисбатан ўртача 7 фоиз пунктга юқори.

Албатта, иқтисодиётда давлат иштироки зарурлигига жиддий сабаблар бор. Бироқ бу туғдирадиган муаммолар ҳам мавжуд. Улардан бири — давлат компанияларининг хизмат кўрсатишидир. Улар ҳар хил турдаги хизматларни кўпинча таннархидан паст нархларда тақдим этиш ваколатига эга. Аммо бунинг учун бюджетларни режалаштириш ва ишлаб чиқаришнинг аниқ механизми йўқ. Шунинг учун улар хизматларни таннархидан арзонроққа тақдим этади ва тақчилликка дуч келади. Натижада, улар ҳукуматдан трансферт олишлари керак ва ҳолат такрорланаверади. Шу боис давлат секторида ҳам фаолиятни яхшилаш учун кўплаб ислоҳотларни амалга ошириш керак бўлади.

Эрик Ливни: Ўзбекистонда одамларда тадбиркорлик хусусиятлари бор. Фарғона водийсига бориб, ҳар қарич ерни шудгор қилиб, меҳнат қилишаётганини кўрасиз. Худди, одамлар ҳеч қачон тўхтамайдигандек. Бундай вазиятда энг яхши стратегия одамларни тинч қўйишдир. Албатта, бажарилиши ва бажарилмаслиги керак бўлган жуда кўп нарсалар мавжуд.

2017 йилдан буён Ўзбекистон учун муҳим муваффақият омилларидан бири очиқлик бўлди. Мижозларимиз орасида кўплаб компаниялар ўз фаолиятини 2018 йилда бошладилар, тўсатдан савдо қилиш, валюта айирбошлаш имкониятлари пайдо бўлди ва компаниялар башорат қилинадиган муҳитда ишлай бошладилар.

Хусусийлаштириш жараёни ҳам катта омил. У жуда тез бўлаётгани йўқ, лекин биз, масалан, Венгриянинг OTP банки томонидан «Ипотекабанк» сотиб олингани банк соҳасида катта ютуқ бўлганини кўрдик. Бу шунчаки банк сотуви эмас, бу банк ишига муносабатни бутунлай ўзгаришидир. Худди шундай ҳодиса биринчи тўлиқ рақамли банк бўлган Грузиянинг TBC банкга ҳам тааллуқли. Уларнинг ёрдами билан тартибга солиш ва рақамли банкнинг бутун тизими қайта қурилди. Ва ҳозир TBC рақамли йўналишга ўтаётган маҳаллий банклар билан мустақил равишда рақобатлашиши керак. Шундай қилиб, ташқаридан келадиган катта рақобат асосий бенефициарлар — истеъмолчилар учун фойдалидир.

Ўзбекистонда ҳали ҳам саноатнинг жуда катта улуши давлатга тегишли. Ва бу компанияларнинг аксарияти ўз соҳаларида муҳим роль ўйнайди. Улардан баъзилари моноиндустриал шаҳарларда жойлашган бўлиб, бу бошқа қийинчиликлар қатламини яратади. Сўнгги икки йил ичида хусусийлаштириш тажрибасига назар ташласангиз, хусусийлаштириш унчалик тез бўлмаганини тушунишингиз мумкин, чунки бу жараён эҳтиёткорликни талаб қилади.

Саноатда устун мавқега эга бўлган компанияни хусусийлаштиришда, бу ҳолат ўша соҳада хусусий монополияни яратмаслигига ишончингиз комил бўлиши керак. Шунинг учун Ўзбекистонга хусусий монополиялар керак эмас. Ва бу қурилиш ҳамда саноат каби кўплаб соҳаларга тегишли. Қишлоқ хўжалигида ўғит ишлаб чиқарувчи жуда йирик корхоналаримиз борки, улар илгари давлатга қарашли бўлган ёки ҳозир ҳам шундай. Гап уларнинг қандай хусусийлаштирилиши, кимга ва қандай сотилиши, соҳа қандай тартибга солиниши, рақобат қандай сақланиб қолиши ҳақида боради. Бу масалаларнинг барчаси нафақат Давлат активларини бошқариш агентлиги, балки Монополияга қарши кураш қўмитасининг ҳам фаол иштирокини тақозо этади.

беата яворчик, еттб, эрик ливни

— РФнинг Украинага қарши уруши глобал ишлаб чиқариш занжирларига тубдан таъсир кўрсатиб, узилишларга олиб келди. Глобал ишлаб чиқариш занжирлари учун янги бир реаллик аллақачон шаклландими ёки у ҳали шаклланяптими ва бу жараёнда Ўзбекистон ўз ўрнини қандай топа олади?

Беата Яворчик: Бугунги кунда халқаро савдода учта асосий тенденция мавжуд. Биринчиси, бу — [коронавирус] пандемияси даврида бошланган глобал ишлаб чиқариш занжирларининг қайта кўриб чиқилиши. Бу, асосан етказиб берувчиларнинг бир жойда тўпланиши хавф туғдираётганини англаш билан боғлиқ. Уруш бошланганда, давлатлар Россия ёки Украина глобал ишлаб чиқариш занжирларига интеграциялашгани учун эмас, балки ундай бўлмагани учун ҳаракат қила бошладилар. Компаниялар тўсатдан геосиёсий кескинлик ҳеч қаерга йўқолмаслигини ва шунинг учун ҳаракатсизлик жараёнга аралашгандан кўра кўпроқ йўқотиш олиб келишини тушуниб қолишди.

Бунга қадар ҳеч ким глобал ишлаб чиқариш занжирларини қайта кўриб чиқишни хоҳламаган, чунки улар харажатлар нуқтаи назаридан оптималлаштирилган эди. Ортиқча барқарорликни яратиш эса қўшимча харажатларни англатади. Ўтган ёзда биз Германиядаги 3000 фирма ўртасида сўровнома ўтказдик ва уларнинг учдан икки қисми аллақачон қўшимча етказиб берувчиларни топганликларини, қолган ярми эса келгуси 12 ой ичида буни амалга ошириш ниятида эканлигини айтишди. Бу жараён узоқ вақт давом этади.

Иккинчи катта тенденция, бу — савдонинг ўзгариши. Жумладан, уруш ва санкциялар натижасида Россия билан савдо. Ва бу ерда биз Ғарбий Европа ҳамда АҚШдан Россияга экспорт ҳажми кескин камайиб бораётгани, Ғарбий Европадан Марказий Осиё ва Кавказга эса экспортнинг кўпайишини ва ўз навбатида, бу мамлакатлардан Россияга қайта экспортнинг ортишини кузатяпмиз. Ҳажми бўйича бу воситачилик савдоси йўқолган тўғридан-тўғри савдонинг кичик фоизини ташкил қилади. Ғарбий Европа ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг қисқариши бошқа экспорт қилувчи мамлакатлар, масалан, Туркия ва Хитойга Россия бозорига товар етказиб бериш имкониятини яратди.

Ва ниҳоят, биз кўриб турган учинчи тенденция АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши, шунингдек, кўплаб мамлакатларнинг савдодан қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган Хитойга боғланиб қолишдан қўрқиб, Хитойга қарамликдан воз кечиш ниятида эканлиги билан боғлиқ. [Доналд] Трамп маъмурияти даврида бошланган АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши ҳали ҳам давом этмоқда: 2017−18 йилларда киритилган тарифлар ҳали ҳам амалда ва АҚШ, масалан, технология экспортига қўшимча чекловлар киритди. Иқтисодиётларнинг узилиши ва дунёни савдо блокларига бўлиш тенденцияси давом этиши мумкин.

Эрик Ливни: Ўйлайманки, Марказий Осиё давлатлари ҳозир бир-бирига аввалгидан ҳам кўпроқ муҳтож эканини англаб етмоқда. Бунда эса Ўзбекистон ўзининг географик жойлашуви, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, шунингдек, Афғонистон билан чегарадошлиги билан муҳим роль ўйнайди. Ушбу марказий қисмсиз ҳар қандай минтақавий интеграция имконсиз бўлади.

Биз улкан дипломатик фаолликни кузатяпмиз. Президент Мирзиёевнинг қўшни давлатларга бориб, сув-энергетика ресурслари соҳасида ҳамкорлик қилиш, чегара назоратини яхшилаш, товар айланмаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича муҳим шартномалар имзолаётганини кўриб турибмиз. Яқинда Ўзбекистон автомобилсозлиги Қирғизистонда автомобиль заводи қурилишини бошлади, Қозоғистонда ҳам шунга ўхшаш йиғиш ишлари олиб борилмоқда. Ўтган йили Қозоғистонда йиғиш ҳисобига автомобиль эҳтиёт қисмлари экспортида сезиларли ўсиш кузатилди ва Қирғизистонга нисбатан ҳам худди шундай ўсишни кутиш мумкин.

Ўзбекистон нафақат марказий мавқеи ёки энг катта бозорга эгалиги, балки энг катта ишчи кучига эга мамлакат сифатида ҳам муҳим ҳисобланади. Мамлакатда малакали кадрлар ва техник имкониятлар мавжуд. Автомобилсозлик, озиқ-овқат ёки тўқимачилик бўладими, ишлаб чиқаришдами, тажриба мавжуд. Бу анъана ва малакалар эса ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантиришда ниҳоятда муҳим. Ўзбекистоннинг бу қиёсий устунлиги мамлакатни Марказий Осиёдаги ишлаб чиқариш марказига айлантириши мумкин.

— Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан жорий қилинган санкциялар минтақа иқтисодиётига таъсир кўрсатмоқда, айрим ҳолларда ҳатто Марказий Осиё мамлакатлари ва РФ ўртасидаги савдони рағбатлантирмоқда ҳам. ЕТТБ ва минтақа ҳукуматлари ўртасида ушбу санкцияларнинг оқибатлари ва уларга амал қилиш бўйича тажрибаларни тақдим этиш бўйича музокаралар олиб бориляптими?

Беата Яворчик: ЕТТБнинг бундай муҳокамалардаги иштирокидан хабарим йўқ. Европа комиссияси янги санкциялар пакетини кўриб чиқмоқда. Марказий Осиё ва Кавказ орқали савдо ҳажми қисқариб бораётган савдо ҳажми билан солиштирганда кичик бўлса-да, минтақанинг кўплаб иқтисодиётлари учун у ЯИМнинг катта қисмини ташкил қилади. Шундай қилиб, у даромад манбаига айланмоқда. Масала шундаки, бу даромад манбаи сифатида қанчалик барқарор бўлади, чунки савдодаги бундай ўзгаришлар Ғарбда кузатилган ва у ерда бундай турдаги савдони чеклашга ҳаракат қилиш истаги пайдо бўлиши мумкин.

Эрик Ливни: Бу савдо тўлиқ воситачилик эмас. Унинг бир қисми табиий экспорт ҳисобланади. Кўпгина компаниялар Россия бозорини тарк этишди. Вакуум вужудга келди ва уни баъзи Ўзбекистон компаниялари тўлдириши мумкин. Масалан, маиший электроника, маиший техника (газ ёки электр плиталари, музлатгичлар) ва бошқалар. Худди шу нарса қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот ва тўқимачиликка ҳам тааллуқли. Бу бизни ҳаддан ташқари ташвишга соладиган нарса эмас.

— Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати кун тартибидаги асосий мавзулардан бири камбағалликни қисқартириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишдир. Сизнингча, камбағалликни қисқартиришда иқтисодиётнинг қайси тармоқлари катта роль ўйнаши мумкин ва устувор бўлиши керак? Инвестицион муҳитни яхшилаш учун қандай асосий йўналишлар устида ишлаш лозим?

Беата Яворчик: Дунёда инвестицияларни жалб қилиш учун жуда қаттиқ рақобат кетмоқда. Хорижий сармоядорлар эътиборини жалб қилишнинг бир йўли — ислоҳотларни ўтказишда жиддий муваффақиятга эришиш, чунки бу мамлакат бизнес ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун очиқ эканлиги ҳақида кучли сигнал беради.

Хорижий инвесторлар учун башоратлилик ва барқарорлик зарур. Улар кутилмаган ҳодисаларни ёқтиришмайди. Улар ўйин қоидаларини тушунишлари керак. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ролига келсак, улар, сўзсиз, иш ўринларини яратиш йўли билан қашшоқликни камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Улар ишлаб чиқариш ёки хизматларда технологик даражани ошириши, шунингдек, иқтисодиётни диверсификация қилишга ёрдам бериши мумкин.

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, мамлакат учун янги маҳсулотларни экспорт қилишни бошлаш жуда қийин. Ва муваффақиятли бўлган ҳолатлар асосан трансмиллий компаниялар билан боғлиқ. Қандай қилиб инвестициялар экспорт портфелини ёки иқтисодиёт структурасини диверсификация қилиш учун ишлатилиши мумкин? Буни маълум соҳалардаги компанияларга мурожаат қилиш орқали амалга ошириш мумкин.

Инвестицияларни жалб қилиш ҳақида гапирганда, катта солиқ имтиёзларини назарда тутмаяпман. Инвесторларни нега айнан Ўзбекистонга келишлари кераклиги сабаблари ҳақида маълумот бериш ва бу мурожаатни муайян иқтисодий тармоқларга мослаштириш улкан фойда беради.

Ўзбекистонни бизнеснинг барча йўналишларини юритиш учун эмас, балки маълум бир соҳада бизнес юритиш учун ажойиб жой деб айтилса, сармояни жалб қилиш бўйича кампания анча самарали бўлади. Ўзбекистоннинг маълум бир тармоқлар ёки секторлардаги афзалликларини кўрсатиш лозим.

беата яворчик, еттб, эрик ливни

Эрик Ливни: Хорижий инвесторларнинг муваффақиятлари борасида кўплаб мисоллар мавжуд. Мижозларимиздан бири бўлган Indorama мамлакатда кўп йиллардан буён ишлаб келмоқда. Улар вертикал равишда юқорига ҳам, пастга қараб ҳам кенгаймоқда. Indorama пахтани қайта ишлашдан бошлаган, ҳозир эса уни етиштирмоқда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун иккита ўғит заводи сотиб олди. Бундай муваффақиятларни хорижда намойиш этиш орқали янада кўпроқ сармоя жалб этишингиз мумкин.

Сўнгги бир неча йил ичида биринчи йиғилиши ўтган йил ноябрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Хорижий инвесторлар кенгашининг ташкил этилишида муҳим роль ўйнадик. Унда президент Мирзиёев ва ЕТТБ раҳбари иштирок этди. Фантастик даражада ўзаро ҳамкорлик бўлди, жумладан, компаниялар муаммоларни кўтаришлари мумкин бўлди, эътибор ва кейинги реакция бўлди. Солиқ ва божхона соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш, лицензиялар, рухсатномалар олиш, муаммолар юзага келган тақдирда коррупция унсурларини бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳлари фаолият юритмоқда. Бундай институционал тузилма инвестицияларни жалб қилгандан кейин юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш учун жуда мос келади. Инвесторларни жалб қилиш — бир иш. Уларнинг мамнун бўлиб қолиши эса бошқа бир масала.

Ўзбекистон ҳалигача дуч келаётган бир муаммо шундаки, кўплаб масалалар ҳали ҳам энг юқорида, яхши маънода, лекин энг юқорида ҳал қилинмоқда. Ва ҳамма ҳам энг юқори поғонагача чиқа олмайди. Шунинг учун кичик ва катта муаммоларни энг юқори даражага етмасдан ҳал қилиш имконини берадиган тизимлар бўлиши керак.

Беата Яворчик: Инвестицияларни мувафаққиятли жалб қилишнинг тўртта таркибий қисми мавжуд. Биринчидан — ўз мамлакатингизни тарғиб қилишингиз керак. Кўплаб давлатлар ўзларини ажойиб сайёҳлик йўналиши ёки сармоявий жаннат сифатида реклама қилади. Бу биринчи қадам. Дунёга бизнес учун очиқ эканлигингизни айтинг.

Иккинчи қадам — потенциал инвестор билан алоқа ўрнатиш. Буни халқаро кўргазмаларда минтақада фаолият юритаётган компания ва етказиб берувчиларга мурожаат қилиш орқали амалга ошириш мумкин.

Учинчи қадам — қизиқиш билдирган ёки потенциал манфаатдор инвестор мавжуд бўлганда, унга бюрократик чангалзордан ўтишга ёрдам бериш керак. Бу ерда эса ҳукуматнинг холис нияти ва жараёнг содиқлиги муҳим. Давлат аппаратидаги турли акторлар бу жараённи иложи борича оғриқсиз қилишлари кераклигини тушунишлари керак. Чунки жараён жуда мураккаб бўлса, хорижлик сармоядорлар шунчаки бошқа жойга кетиб қолишади. Инвестицияларни рағбатлантириш учун масъул органлар инвесторларга жараённи бошқаришда ёрдам беришлари лозим.

Ва охирги банд — ҳамкасбим айтганидек, инвесторларнинг муаммоларини қарор қабул қилувчи шахсларгача олиб чиқиш усули. Хорижий сармоядорлар кенгаши — қандай қилиб юқори раҳбариятни хабардор қилиш ва ўзгаришларга рағбат уйғотишга мисолдир.

Эрик Ливни: Ўзбекистонда IT соҳаси катта муваффақиятга эришди ва бу тўрт босқични амалга оширишнинг ажойиб намунаси бўлди. IT Park Ўзбекистоннинг жозибадорлигини ошириш учун барча имкониятларни ишга солмоқда: аэропортда инвесторларни кутиб олади, виза, лицензия олишда ёрдам беради, барча ҳужжат ишлари имкон қадар тезроқ бажарилади ва ўз мажмуасида офис хоналари билан таъминлайди. IT соҳасида рўйхатдан ўтган компаниялар сони эса кундан-кунга ортиб бормоқда. Кўпгина компаниялар Россия, Беларусь, Украинадан кўчиб ўтмоқда. Улар бу ерга келишади, лекин имкониятдан фойдаланиш керак. Сиз ишчи кучини тайёрлашингиз зарур, чунки бу компаниялар ходимларни ёллашмоқда. Агар улар ёллаш, ўқитиш ва ривожлантириш учун дастурчилар бўлмаса, улар ишлай олмайди. Қолаверса, рақобат жуда кучли: Қирғизистон ва Қозоғистон ҳам шундай қилмоқда. Бу яхши рақобат ва биз бу борада катта муваффақиятларга гувоҳ бўлмоқдамиз: ҳар бир мамлакат кўпроқ IT-технологиялари, кўпроқ компьютер маҳсулотлари ва хизматларини экспорт қилмоқда ва улар соф аутсорсингдан ҳақиқий маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга ўтмоқда.

Беата Яворчик: Бундай меҳмондўстликнинг аҳамиятига етарлича баҳо бермаслик мумкин эмас. Ирландия ёки Чехия каби муваффақиятлар тарихи эсингизда бўлса, ҳар икки мамлакатда ҳам инвестицияларни илгари суриш бениҳоя самарали органлар фаолият кўрсатган, ҳукумат ҳам инвестицияларни жалб қилиш борасида астойдил иш олиб борди.

Эрик Ливни: Ўзбекистон бу борада қиёсий устунликка эга, чунки бу давлат асрлар давомида меҳмонларни, карвонларни, савдогарларни қабул қилиб келган мамлакат. Ва мамлакат бу борада жуда яхши. Ва таомлари аъло даражада, ҳазиллашмаяпман. Инвесторлар яхши турмуш даражасини исташади, бунга хавфсизлик, барлар, ресторанлар, қаҳвахоналар ва мактаблар сифати каби маданий омиллар ҳам киради. Халқаро мактабларни ҳам айтиб ўтган бўлардим, чунки одамлар ўз оилалари билан келишади. Демак, сизда бу ингредиентларнинг барчаси бор, лекин фақат Тошкентда. Бошқа ҳудудларда ҳам шундай шароит яратиш бироз қийинроқ. Шундай экан, бунга эришганингиздан сўнг инвесторлар чекка ҳудудларга ҳам жалб қилинади.

— Сунъий интеллектнинг (AI) миллий иқтисодиётга таъсири бўйича қандай прогнозларингиз бор ва ҳукуматлар қандай сиёсат юритишлари лозим?

Беата Яворчик: ЕТТБнинг ўтган йилги ҳисоботи рақамлаштиришга бағишланган бўлиб, унда мамлакатлар рақамлаштиришнинг қайси босқичида эканлигини кўриб чиқдик. Давлат томонидан тартибга солиш, кенг полосали уланиш, кўникмалар, электрон ҳукумат ва ҳоказоларни ҳисобга олдик. Гарчи Ўзбекистон 2015 ва 2020 йиллар оралиғида маълум ютуқларга эришган бўлса-да, рақамлаштириш бўйича ЕТТБ мамлакатлари орасида ҳали ҳам юқори ўринларда эмас. Бу йўналишда ҳали кўп ишлар қилиниши керак.

ЕТТБ мамлакатлари шароитида нафақат AI, балки автоматлаштириш ҳақида ҳам гапириш яхшироқдир. Биз бандлик таркибини ўрганиш учун тадқиқот ўтказдик ва ўзимизга ЕТТБ мамлакатлари автоматлаштириш ёки сунъий интеллектни жорий этиш туфайли иш ўринлари йўқоладими ёки таркибий ўзгаришларга дучор бўладими, деган саволларни бердик. Улар бу хатардан Ғарбий Европадан кам зарарга учрамаётганини кўриб, ҳайратда қолдик. Чунки кўплаб давлатлар автоматлаштирилиши мумкин бўлган ишлаб чиқаришга қарам.

Бироқ, шу билан бирга, автоматлаштириш меҳнат пирамидасининг ўртасида жойлашган ишларнигина сиқиб чиқаради. Юқори технологияли иш ўринлари хавфсизликда, чунки уларни автоматлаштириш мумкин эмас ва сунъий интеллект уларнинг ўрнини боса олмайди. Пирамиданинг пастки қисмидаги касбларни, масалан, оддий тозалаш ишларини ҳам автоматлаштириш мумкин эмас. Шундай қилиб, ўрта даражадаги касблар таҳдид остида қолмоқда.

Шунинг учун ҳудудларимиз автоматлаштириш ва сунъий интеллект олиб келадиган таркибий ўзгаришларга тайёрганлик кўришлари керак. Бу цунамига ўхшайди, уни тўхтатиб бўлмайди. Бу ўзгаришлар яқинлашмоқда. Ҳудудларимиздаги муаммолардан бири шундаки, айниқса кекса ишчилар технология соҳасида бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларига қараганда паст малакага эга. Ёшлар эса иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар аҳолисидан қолишмайди.

беата яворчик, еттб, эрик ливни

— Айримлар ислоҳотларни орқага қайтариб бўлмайди, деб ўйлашлари мумкин. Аммо, амалда кўриб турганимиздек, ҳатто ўтиш даврини муваффақиятли тугатганлар ҳам ортга қадам ташлашлари мумкин экан. Ислоҳотлар натижалари узоқ муддат қолиши ва орқага қайтиш ниҳоятда қийин бўлишини кафолатлаш учун жамият сифатида нима қилишимиз керак?

Беата Яворчик: Ислоҳотларни ижтимоий нуқтаи назардан барқарор қилишингиз керак, яъни жамият ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши лозим — бу қисқа жавоб. Ҳар қандай ўзгаришдан кейин ғолиблар ва мағлублар пайдо бўлади. Ютқазганлар учун қайғуриш, ислоҳотлар натижасида ишсиз қолган аҳолига қандайдир ёрдам кўрсатилишини таъминлаш муҳим. Чунки жамият ислоҳотларни адолатли оқибатларга олиб келадиган воқелик сифатида қабул қилиши зарур. Жамият ислоҳотлар нима учун амалга оширилаётганини ва улар қандай ёрдам бериши мумкинлигини тушуниши керак. Муваффақиятга эришган пост-коммунистик давлатлар мавжуд ва тақлид қилиш мумкин бўлган мисоллар ҳам бор. Ўтиш давридаги 30 йиллик тажрибадан фойдаланишингиз ҳам мумкин.

Эрик Ливни: Ўзбекистон шароитида мени кўпроқ хусусийлаштириш жараёни ташвишга солмоқда. Хусусийлаштириш натижалари легитим ва ишончли деб кўрилиши жуда муҳимдир. Ўтган асрнинг 90-йилларида аҳоли ҳам, бошқалар ҳам легитим деб ҳисобланмаган хусусийлаштиришни амалга оширган давлатларни кўрдик. Ва улар ортга қайтишди.

Ўзбекистонда аҳолининг қишлоқ хўжалигидан бошқа фаолият соҳаларига ўтишини кўришимиз эҳтимоли катта. Иш ўринлари ҳаммага етарли эмас, деган хавотирлар ҳам бор. Мен 40 ёшдан ошган одамлар ҳақида гапиряпман. Демак, кимдир уларга ҳам ғамхўрлик қилиши лозим. Меҳнат бозорида фаол сиёсат ёки қайта тайёрлаш ўтказилиши зарур. Бу ўтиш жараёнини силлиқ қилиш керак, чунки акс ҳолда норозилик пайдо бўлади ва одамлар кўчага чиқиши мумкин.

Ўзбекистон учун яна бир муҳим соҳа коммунал хизматлар нархидир. Биз ўтган қишда жуда совуқ бўлганида инқироз гувоҳи бўлдик. Мамлакатда газ етарли эмас ва қувурлардаги босим етарли даражада юқори эмас, электр қуввати етарли эмас, инфратузилма жуда яхши ҳолатда эмас. Бу соҳаларга инвестициялар керак.

Энергетика секторига хусусий инвестицияларни жалб қилиш мумкин, лекин улар биз хоҳлаганчалик тез келмайди, чунки тарифлар жуда паст. Бу борада нимадир қилиш лозим. Бироқ масала шундаки, одамлар бунга қодирми? Шу боис, бир томондан, эксплуатация харажатларини қоплаш, сармояларни жалб қилиш, иккинчи томондан, ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтожларга ёрдам берадиган сиёсат юритиш зарур.

Ҳамма учун энергия нархини субсидиялаш шарт эмас. Ҳақиқий бозор нархини тўлашга қодир одамлар бор: йирик бинолар ва данғиллама уй эгалари. Бироқ жуда кичик уйлари бўлган одамлар кам истеъмол қиладилар, лекин ҳар бир киловаттга муҳтож. Улар ёрдам ва кўмакка муҳтож. Ва ўшанда ишончлироқ энергия секторимиз ва бутун бошли коммунал хизматларимиз бўлади. Бу иқтисодиётни қуриш мумкин бўлган пойдевордир.

Беата Яворчик: Бу бизни давлат корхоналари ҳақидаги юқоридаги баҳсларга қайтаради. Давлат сектори қандайдир хизматлар кўрсатиши керак бўлса-ю, лекин ҳеч ким бюджетлаштириш ҳақида ўйламаса ҳамда хизматлар ва товарлар субсидия асосида тақдим этилса, бундай ҳолатда тўсатдан тақчиллик пайдо бўлади. Уларнинг вазифаси нимадан иборатлиги, хизмат кўрсатиш қанчага тушиши ва кимга хизматни субсидияланган тариф бўйича тақдим этишингиз ҳамда бозор нархини ким тўлашга қодирлигини аниқ билишингиз керак.

Давлат Умаров суҳбатлашди.