Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов мамлакат Боку портида ўз терминалини очишни режалаштираётганини маълум қилди, дея хабар бермоқда Spot.

«Мазкур терминал шакарни Ўзбекистонга ташиш учун ҳам, экспортимиз учун ҳам ишлайди. Бунинг учун давлат-хусусий шерикликдан фойдаланмоқчимиз», — деди Абдусамат Мўминов.

Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик тадбиркорлар келгусида фойдаланиш мақсадида Алят порти инфратузилмасини ривожлантиришга сармоя киритмоқчи. Айни пайтда томонлар Ўзбекистондан келаётган товарларни сақлаш учун Боку порти ҳудудида омбор инфратузилмасини яратиш ишларини олиб бормоқда.

Шунингдек, 2022 йилда президент топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Озарбайжон ва Грузия портлари орқали етказиб бериш ҳажмини 1,5 млн тоннага ошириши таъкидланмоқда.

«Ҳозирда Ўзбекистон юкларни Озарбайжон йўналишига қайта йўналтирмоқда, шу тариқа Ўрта йўлакнинг [Транс-Каспий халқаро транспорт йўли] салоҳиятини ривожлантирмоқда», — деди вазир ўринбосари Trend нашрига берган маълумотида.

У Боку халқаро денгиз савдо портининг имкониятларидан, хусусан, шакар импорти бўйича фаол фойдаланилаётганини қайд этди. Бу бўйича жорий йилда шакар етказиб бериш ҳажмини икки баробарга — 300 минг тоннагача ошириш режалаштирилмоқда.