17 май куни Тошкентда Tashkent Law Spring («Тошкент ҳуқуқ баҳори») халқаро форуми бошланди. Асосий мавзуси «Фундаментал ҳуқуқлар — барҳаёт қадриятлар» бўлган тадбирда Буюк Британия, Германия, Россия, Туркия, Швеция, Япония ва бошқа давлатларнинг қонунчилик ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги етакчи экспертлари иштирок этди.

Адлия вазири Акбар Тошқулов ушбу форумда иштирок этаётган турли йўналишдаги ҳуқуқ соҳаси вакилларини фундаментал ҳуқуқлар ғояси бирлаштириб турганини таъкидлади.

«Форумга бу мавзу бежиз танланмади. Чунки сессияларда муҳокама қилинадиган масалалар ҳуқуқнинг кўплаб соҳаларини қамраб олади, спикерларнинг профессионал фаолияти ҳам ранг-баранг. Шунинг учун уларни бирлаштирувчи ғоя сифатида, албатта, фундаментал ҳуқуқларни кўрдик», — деди вазир.

Шунингдек, у давлатларнинг сиёсий ва ҳуқуқий тизимлари турлича бўлганлиги сабабли фундаментал ҳуқуқларни талқин этиш ёки уларга амал қилишда ҳам фарқлар борлиги ҳақида гапирди.

«Бу фарқ яхши ёки ёмон тарафга бўлиши мумкин. Лекин ҳар қандай жамиятда ҳам прогрессив фикрловчи, фундаментал ҳуқуқларнинг фидойи ҳимоячилари ҳам бор-ки, улар вазиятни яхши томонга буришга доим ҳаракат қилишади. Мен бундай ролда юристлар кўпроқ бўлишини истардим. Чунки биз юристлар муаммони кундалик иш жараёнида доим кўрамиз ва уларнинг ечимини ҳам биламиз. Шундай экан, форум давомида ҳуқуқнинг мана шундай фундаментал масалаларни профессионал ва чуқур ёндашувлар асосида муҳокама қилишга чақирамиз», — дея қайд этди вазир Акбар Тошқулов.

Форумда Сингапурнинг ички ишлар ва ҳуқуқ вазири К. Шанмугам ҳам қатнашиб, мамлакатининг ҳозирги натижаларига ҳисса қўшган омилларни санаб ўтди.

tashkent law spring, адлия вазири, акбар тошқулов, тошкент ҳуқуқ баҳори

Унинг таъкидлашича, бунинг учун аввало кучли марказлашган ҳукумат керак. Бунда унинг асосий вазифаси таълим, соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича бошқа барча мажбуриятларни тўлиқ бажаришдан иборат. Қолаверса, ваколатли давлат хизматчиларига эга бўлиш — яъни кучли билим ва кўникмага эга бўлган давлат хизматчиларини ишга олиш керак. Режаларда узоқни ўйлаб фикрлаш керак бўлади. Шунингдек, яна бир муҳим жиҳат, бу — аҳолини бирлаштириш, яъни уларнинг иттифоқидир.

Форумда қатнашган Халқаро тараққиёт ҳуқуқи ташкилоти (IDLO) бош директори Ян Биглнинг таъкидлашича, инсон ҳуқуқлари бевосита қонун устуворлиги асосида таъминланиши керак. Бунда Ўзбекистон сўнгги йилларда катта натижаларга эришмоқда.

Шунингдек, у ташкилот давлат сиёсати ва ҳаётида аёлларнинг бевосита иштирокини таъминлаш учун контекстга хос ва миллий ёндашувларни ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар аёллар ва қизларнинг тегишли рақамли хизматларга кириши ҳамда улардан фойдаланишини таъминлашга ёрдам беради. Айни пайтда, мутахассиснинг эътироф этишича, Ўзбекистон ҳукумати бевосита гендер тенгликни таъминлаш ва жинсий камситишни йўқ қилиш бўйича иш олиб бормоқда. «Ҳукумат бу йўналишдаги ўзининг мажбуриятларини жаҳон тажрибаларига асосланиб бажариб келмоқда», — деди у.

tashkent law spring, адлия вазири, акбар тошқулов, тошкент ҳуқуқ баҳори

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев эса мамлакатда бўлиб ўтган Конституциявий референдум Инсон ҳуқуқлари бўйича декларация қоидаларига тўлиқ мос келиши ҳақида гапирди. Унинг айтишича, янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистонда бу қоидалар сўзсиз рўёбга чиқишини кафолотловчи асосий қонунга айланди. Шунингдек, у ўз соҳаси, яъни прокуратура органлари фаолиятида ўтган йилда қонунийликни мустаҳкамлаш учун 127 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилгани, 245 минг нафар фуқаронинг ҳууқлари тикланганини айтиб ўтди.

Форумда яна бошқа кўплаб ҳуқуқ соҳаси вакилларининг нутқи тингланди. Тадбир 18 май куни ҳам давом этади.