Ўзбекистон 2023 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси фондига 100 минг АҚШ долларини ихтиёрий бадал сифатида ўтказади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 майдаги «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қарор «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг асосий мақсадларини амалда амалга оширишда БМТ саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш»га қаратилган.

Бунгача Ўзбекистон 2021 йилда (шу йилдан бошлаб мамлакат БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига уч йилга аъзо этиб сайланган), 2018 йилда (декларациянинг 70 йиллиги муносабати билан) ва 2008 йилда (декларациянинг 60 йиллиги муносабати билан) 100 000 АҚШ доллари миқдоридаги ихтиёрий бадалларни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси фондига ўтказган.