Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Жиловланган вақт

Мутахассислиги авточилангар ва қисматига кўра соатсоз бўлган Аъзамхон Набиев ҳикояси
Аъзамхон Набиев соатларни 20 йилдан бери тўплайди. Унинг коллекциясида 200 дан ортиқ соат намунаси бор. Уларнинг айримлари вақтни кўрсата бошлаганига юз йилдан ошган. «Газета.uz» ноодатий устахонада бўлиб, соатсоз билан унинг коллекцияси, эски соатларни созлаш ва уларнинг баҳоси ҳақида суҳбатлашди.
Аъзамхон Набиев соатларни 20 йилдан бери тўплайди. Унинг коллекциясида 200 дан ортиқ соат намунаси бор. Уларнинг айримлари вақтни кўрсата бошлаганига юз йилдан ошган. «Газета.uz» ноодатий устахонада бўлиб, соатсоз билан унинг коллекцияси, эски соатларни созлаш ва уларнинг баҳоси ҳақида суҳбатлашди.
Қорақамиш 2/4 даҳасидаги Камолот кўчасида автомобилларни таъмирлаш учун мўлжалланган эски бир гараж бор. Бу ерда нафақат машиналарни, балки турфа модель, ёш ва механизмлардаги эски соатлар ҳам тузатилади. Уларнинг чиқиллаши устахонадаги сокин ҳаёт суръатини қувватлаб туради. Бу соатлар турли вақтни кўрсатаётганигина бу маскандаги ҳамоҳангликни оз-моз бузади, холос.
«Бу соатларнинг бари таъмирда. Уларни тузатсам, ҳаммаси тўғри вақтни кўрсата бошлайди», — дея тушунтиради устахона эгаси Аъзамхон Набиев.
Аъзамхон Набиев касби бўйича — авточилангар, қисмати бўйича эса — соатсоз. У Тошкент давлат транспорт университетини тамомлаган. 25 йилдан бери машиналарни таъмирлайди. Механикага қизиқиш болалигидан — ўйинчоқ машиналарни бузиб, қайта йиғиб юрган вақтларидаёқ бошланган. Соатларга эса 2004 йили юз берган бир бахтли тасодиф сабаб ўзи учун янги машғулот кашф этмагунига қадар бефарқ эди.

«Рафиқам билан уйга керакли нарсаларни олиш учун Қўйлиқ бозорига боргандик. Аёлим ўзига нимадир танлаётганида, мен ерда ўтириб олиб, ҳар хил эски-туски нарсаларни сотаётган бувижонни кўриб қолдим. У менга қараб туриб: «Ўғлим, мендан нимадир сотиб олсанг-чи», деди, — деб эслайди Аъзам Набиев. — Унга раҳмим келиб кетди. Ерга сочиб қўйилган бутун «бойлик»дан кўзимга фақат соатлар қизиқ кўринди. Бу соатлар қачондан бери ишламасди, лекин кекса аёлга қандайдир кўмак бериш ниятида мен ўша соатларни сотиб олдим».

Уйга олиб келинганидан сўнг токчага қўйиб қўйилган соатлар билан анча вақтгача бировнинг иши бўлмаган. Бир куни Аъзамхон аканинг рафиқаси «бу соатларни нега сотиб олгансиз?», деб қизиқиб қолган. Ана шунда у соатларни созлаш керак, деган қарорга келган. Техник билими борлиги унга механизмнинг иш принципини тезда тушуниб олиш имконини берган ва бир неча соатлик уринишдан сўнг соат миллари айлана бошлаган.

Кейинроқ Набиев у сотиб олган ёғоч корпусли ва жез циферблатли стол соати совет даврига оидлигини билиб олган. «Весна» номли соат модели 1950-йилларда Россиянинг Владимир шаҳридаги «Точмаш» бирлашмасида ишлаб чиқарилган ва механик соатларнинг мумтоз намунаси ҳисобланган. Аъзамхоннинг айтишича, бундай соатлар бураб турилмаса ҳам 10 кунгача ишлайверади.

«Весна» Набиевнинг коллекциясининг ва унинг соатларга қизиқишининг ибтидоси бўлди. У энди кўҳна ва камёб соатларни излаб ҳар якшанба эски-тускилар бозори ва антиквар дўконларни айланадиган бўлди. Аъзамхон ака фақат ва фақат қўлда ясалган механик соатларни афзал биларди, бундай қурилмалар ўзининг мураккаблиги ва тарихий аҳамияти билан эътиборга молик эди — топилмалар орасида XVIII-XIX аср соатлари ҳам учрайди.
«Весна» моделидаги соат. Аъзамхон Набиевнинг шахсий фотоархивидан.
Набиевни ҳаммасидан ҳам кўпроқ аввалги даврларнинг соатсозлари бутун бошли механизмни ҳаракатга келтирадиган энг майда деталларни бирор бир махсус ускуна ёрдамисиз, моҳирлик билан тайёрлашганидан ҳайратга тушарди.

«Механизм — соатнинг юраги. У 100 дан ортиқ деталлардан ташкил топади. Соат вақтни тўғри кўрсатиши учун мурватчалар, тишли ғилдиракчалар, пружиналар ҳамоҳанг ишлаши керак. Уларни фақат қўлда йиғиб, созлаш мумкин, шу боис уларнинг ҳар бир деталида бу соатлар устида ишлаган ўша давр усталарини кўргандек бўламан», — дейди Аъзамхон Набиев.
Соатсозлик XVII асрда ўз тараққийсининг чўққисига чиққан. Набиевнинг сўзларига кўра, ўтмишдаги усталар механизмни осонгина қайта тиклай олиш учун, соат эса имкон қадар узоқ муддат ишлаши учун деталларни тайёрлашда сифатли материаллардан фойдаланишган. Шу боис эски соатларнинг аксарияти янгиларидан кўра ишончлироқ ва носозларининг орасида ҳам умуман тузатиб бўлмаслари камдан-кам учрайди.

Шаҳарда мураккаброқ вазиятда ҳам ишдан қочмайдиган яхши соатсозни топиш муаммоли масала эди. Уста топиш қанча қийинлашса, соатларни таъмирлаш билан Аъзамхон аканинг ўзи шунча кўп шуғуллана бошларди. Бошида иши кўп ҳам ўхшайвермади. Эски соатларга янги ҳаёт бағишлашни яхшилаб ўргангунича анча-мунча механизмларнинг «бошини егани»ни ўзи ҳам тан олади. Бармоқлари ҳам соатлардан кам жабр кўрмаган.
Набиев бошида соатларни уйида таъмирларди. Куннинг асосий қисмини гаражда машиналарни тузатиш билан ўтказаётганини тушуниб етгач, ўша ернинг ўзида соатсозлик устахонасини ҳам очади. Коллекциядаги «саломатлигини тиклаш» муҳтож соатларнинг бир қисмини ҳам гаражга кўчиради.

«Мен фақат катта соатларга ихтисослашганман. Қачонлардир қўл соатлари билан шуғулланишга уриниб кўргандим, лекин бу мен учун эмаслигини тезда тушуниб етдим. Бу жуда нозик иш. Шунга монанд техника, ускуналарни ҳам талаб қилади. Кўриш қобилиятимга путур етказиб қўйишдан ҳам қўрққанман. Соат лупасини кийган вақтим бошим айлана бошларди, кўзларим тезда чарчаб қоларди», — дея ҳикоя қилади Аъзамхон ака.
реклама
реклама
Набиев гаражидаги соатларнинг бир маромдаги чиқиллаши садолари остида хатолари устида ишлаган, тажриба орттирган. Таниш усталар даврасини кенгайтирган. Ҳатто ўзига устоз ҳам топган - учинчи авлод соатсози унга бу касбнинг барча сир-асрорларини ўргатган. Шу фурсатдан бошлаб коллекция ҳам катталаша бошлаган — билими ва ўз кучига ишонган Набиев энди ҳар қандай бузуқ соатни сотиб олишга ўзида журъат топа олган.

«Ҳозиргача мен тузата олмаган бирор соат учрагани йўқ. Вақт ва керакли деталлар бўлса кифоя», — дея тан олади у.

Миш-мишлар ва интернет шарофати билан уста бутун шаҳарга танилди. Эски соатларнинг эгалари гараж олдида энди машиналарнинг эгалари каби тез-тез пайдо бўлиши одатий ҳолга айланди.
Аъзамхон Набиевнинг айтишича, илк иш бошлаган кезлари мижозлар айниқса кўп эди, чунки соат бозори асосан механик қурилмалардан иборат эди. Бозорда батарейкада ишлайдиган соатлар пайдо бўлгач, унинг ишига бўлган талаб ҳам сусайди. Узоқ вақт давомида механик моделларга фақат эски-туски ихлосмандлари қизиқиб юрди, фақат охирги йиллардан бошлаб механикага қизиқиш яна урфга кира бошлади. Бундай соатларга эҳтиёж уларнинг фақат узоқ муддат ишлай олишида эмас, балки ўз эгасига маълум бир мақом беришида ҳам.

«Коллекционер сифатида мен биринчи галда соат механизмларининг мураккаблиги ва уникаллигига эътибор қаратаман. Ҳақиқий ишқибозлар деталлар қанча кўп бўлса, соат шунча қиммат бўлишини яхши билади. Эстетик жиҳати ҳам муҳим. Санъат асаридек кўринадиган соатлар бор. Уларни қимматбаҳо металлар ва нодир тошлардан тайёрланган корпуси ажратиб туради», — дея тушунтиради Аъзамхон Набиев.
20 йиллик фаолияти давомида уста мураккаблик даражаси ва механизм кўринишлари ҳар турли бўлган саноқсиз соатлар билан ишлаган. Мижозлар бежирим стол соатларидан тортиб полга ўрнатиладиган баҳайбат соатларгача ҳар хилини олиб келган. Улар орасида бетакрор намуналар ҳам учрарди. Аъзамхон ака 2019 йили устахонасига каккуси ва ҳаракатланувчи ҳайкалчалари бор Шварцвальд соатини олиб келишгани ҳақида гапириб берди.

«Бу турдаги девор соатлари — немис усталарининг ҳақиқий фахри, чунки улар XVIII асрда кашф этилиб, бутун дунёга машҳур бўлиб кетган. Мен шу вақтгача ҳеч бундай мураккаб механизмни кўрмаган эдим! Вақт бўлиши билан, туйнукдан какку мўралаб, керакли соатни билдирарди. Пастида эшикчалар бўлиб, каккунинг ҳар кукулашига очиларди. Бу эшикчалардан ўтлоққа бола ва қизча «югуриб чиқарди». Мусиқа садолари остида бу ҳайкалчалар рақсга тушарди. У соат эмас, ҳақиқий мўъжизанинг ўзгинаси эди!», — дейди Аъзамхон Набиев.

Каккули камёб ёғоч соатни тузатиш етарлича мураккаб иш бўлиб чиқди. Таъмир учун бир неча деталь етишмаётганди. Интернетдаги қидирувлар натижа бермагач, уста уларни қўлда ўзи тайёрлашга қарор қилди. Токарлик станогида деталларни кесиб, механизмни бошидан охиригача янгитдан йиғиб чиқди - охир-оқибат соат юра бошлади.
«Соат таъмири, нафақат механизм, балки корпусни ҳам созлаш керак бўлса, бир ойгача чўзилиши мумкин. Кўпинча «донор»ни - керакли детални ечиб олиш мумкин бўлган бошқа соатни излашга тўғри келади. Оммавий намуналар учун «донор» топишдан осони йўқ. Аммо антиквар ёки камёб модель бўлса, у ҳолда мен ўзим рестраврация билан шуғулланаман: металлни қайта ишлайман, бўяйман, локлайман», — дейди соатсоз.

Эски соатлар ва улар учун мўлжалланган деталларни излаб Набиев одатда Янгиобод бозорига, «Чорсу» бозорининг эски-тускилар қисмига ва Марказий универмагнинг ертўласидаги антиквариат дўконига қатнайди. Алоҳида деталларни Тошкент подшипник заводига ёки металл конструкциялар тайёрлашга ихтисослашган «Технолог» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасига буюртма қилади. Сўнгги йилларда у соатларнинг қимматли моделларини эълонлар сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги ҳаваскорларнинг гуруҳларидан топмоқда.

«Мен ҳозир шаҳарда кўпчилик билади. Механизми қизиқ бирор эскироқ соатни кўриб қолишса, дарҳол суратга олиб, менга юборишади. Таниш антикварлар ва коллекционерлар бор, улардан қизиқ нарсаларни сотиб оламан ёки алмашаман. Бошида пулни аямай, ҳаммасини сотиб олаверардим. Ҳозир эса асосан сотиш мумкин бўлган соатларни харид қиламан», — дейди Аъзамхон Набиев.
Уста ўз коллекциясидаги соатларни механикага қизиқиб қолганидан беш йил ўтиб сота бошлаган. Аввалига дубликати бор соатларни, кейинчалик қимматроқ ва камёброқларини, ундан кейин эса интерьерга мос келмаётганларини сотган. Коллекциянинг бир қисми билан хайрлашишга Olmazor Business City қурилиши баҳона Набиевнинг гаражи бузилгани ва соатларни уйга кўчиришга тўғри келгани ҳам сабаб бўлган.

2020 йили соатларга тўлиб тошган хонадонни оилада кутилаётган кўпайиш муносабати билан бўшатишга тўғри келган. Аъзамхон ака бутун коллекциясини текинга ёки арзимас пулга тарқатиб, сотиб юборган. Ўзи учун энг биринчи, ердаги ёймадан сотиб олинган «Весна» моделли соатни сақлаб қолган. Бўшаб қолган деворларга боқиб, коллекционер ортиқ бу машғулот билан шуғулланмаслик ҳақида ўзига сўз берган.
реклама
реклама
Орадан уч ой ўтиб, унинг Камолот кўчасидаги ҳозиргача ишлаб келаётган янги устахонаси остонасида ёши улуғ бир аёл пайдо бўлган. У ўзи билан бирга бўйи баравар соат олиб келганди. Аёл бу марҳум эрининг совғаси эканини айтган. У бу соатлар бонгини эшитишни яхши кўрган, лекин соат капгири (маятниги) бузилиб қолиб, «овози чиқмай» қолган. Соатсоз аёлнинг илтимосига йўқ дея олмай, соатни тузатиб берган.

Айнан шу аёл шарофати билан у гаражга ўз танишларини олиб келган ва иншоот яна катта-кичик соатлар билан тўла бошлаган.

«Соатларсиз яшай олмайман. Улар менинг хасталигим, десам ҳам бўлади. Энг кўп завқни бузилган соатлар яна юра бошлаганида оламан, — дея олади Аъзамхон Набиев. — Ҳозир «Мелодия» соатини таъмирлаяпман. Ҳозир бу соат бонг чалиш ўрнига «Ғаройиб кўзлар» қўшиғидаги мусиқани ижро этяпти. Бу ерда маҳоратдан ташқари оҳангларни ажрата билиш қобилияти ҳам зарур. Кўплаб деталлари йўқолиб кетгани учун бу механизмни бошидан йиғиб чиқиб, соат қанчалик соф «куйлаётгани»ни эшита билиш ҳам лозим».
Аъзамхон ака ўзини иримчи деб ҳисобламаса-да, соатлар худди кўзгу каби ўз «хотираси»га эга ва ўзига яраша ҳаётий қувватга эга, деган фикрга қўшилади. Соат қанчалик эски бўлса, ундаги қувват ҳам шунча катта бўлади. Шу боис антиквар соатларни сотиб олиш вақтида улардан ижобий аура тарқалиши унинг учун муҳим аҳамиятга эга.

«Мен кимдир ўлган ёки ажрашган уйда сақланган соатларни сотиб олмайман. Назаримда, эгалари кўп низолашган ёки жанжал муҳитидаги уйда бу кайфият бошқа буюмларда ҳам ўз аксига топади. Мен сотиб олган соатларимни уйга олиб келаман, шу боис улар яхши нарсаларни «хотирлаши»ни хоҳлайман», — дейди Набиев.
реклама
реклама
Аъзамхон аканинг коллекциясида бугун 200 дан ортиқ соат бор. Улар орасида энг кўҳнаси - Эрли Нортон томонидан тайёрланган тросли инглиз маятник соатларидир. Улар XVII асрга мансуб. Бошқа экспонатлар орасида Англия, Германия, Швейцария ва Россияда тайёрланган, бураладиган ва кўчма механизмли стол, девор ва пол соатлари бор. Коллекционер айниқса Густав Беккер, Генри Мозер каби жаҳонга машҳур соатсозларнинг, шунингдек, Le Roi a Paris маркаси томонидан чиқарилган санъат даражасидаги ишларни яхши кўради.

Набиев коллекциясидаги энг қиммат соатлар икки минг доллар туради. Бу репетирли (пружинасига босилса, кўрсатилаётган вақт бўйича занг чалинишини таъминловчи мослама - таҳр.) полга ўрнатиладиган соат бўлиб, швейцариялик уста Густав Беккер томонидан ясалган. Ҳар чорак соатда у эгасининг танловига кўра соатларнинг учта мумтоз мусиқаси - «Муқаддас Микоил», «Виттингтон» ва «Вестминстер»дан бирини ижро этади, овози худди Лондондаги Биг-Бен ва Кремль курантларининг бонгларини эслатади.
Аъзамхон аканинг айтишича, вақт ўтиши билан соатлар парвариш борасида «қайсар»лашиб боради, шу сабабли у коллекциясининг катта қисмини чанг ва захдан холи болалар хонасида сақлайди. Ҳафтада бир марта уйнинг кўринарли жойлари - кириш йўлаги ва меҳмонхонада турган соатларни ишга тушириб чиқади. Барча соатларни ҳаракатга келтириш учун уч-тўрт соатча вақт керак бўлади.
«Оиламизда ҳеч ким соатларга қизиқмайди, шунинг учун бошида менинг бу хоббимни ҳеч ким қўллаб-қувватламаган. Рафиқам уйда жой қолмаётганидан норози эди, болалар эса соатлар бонг ургандаги шовқиндан шикоят қиларди. Икки тўнғич ўғилларим бу жиддий машғулот эмас ва соатни исталган одам «шессекунд»да йиғиб ташлай олади, деб ҳазиллашарди. Аммо вақт ўтиши билан ҳамма кўникди, кенжам эса ҳатто қизиқишни бошлаб, соатларни қандай таъмирлашимни кузатадиган бўлди. Келгусида у менинг ишимни давом эттиради, деб ўйлайман», — дея умид билдирди Аъзамхон Набиев.

Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам.

Барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг