Табиат ресурслари вазирлиги ижтимоий тармоқларда «Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Кичик ҳалқа йўли кўчасида дарахтлар кесилди» сарлавҳали хабар юзасидан муносабат билдирди.

Аниқланишича, академик Васит Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказидаги дарахтларни санитар буталашга рухсат берилган, аммо буталаш қоидаларига амал қилинмай, дарахтларга зарар етказилган.

Ўрганиш натижасида дарахтларни нотўғри буталаш орқали 31 680 000 сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш)га кўра илмий-амалий марказнинг хўжалик ишларига масъул бўлган Х.В. 3 миллион 300 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. Ундан жами 34 980 000 сўм ундириладиган бўлди.

Май ойи бошида Сенат дарахтлар ва буталарни шикастлантирганлар ва бу борада лойиҳалар тайёрлаганларни ҳам жавобгарликка тортиш кўзда тутилган қонунни маъқуллаган эди.

Шунингдек, Ўзбекистонда дарахтларни рақамли инвентаризациядан ўтказиш режалаштирилаётгани маълум қилинган. Лойиҳа 3 босқичдан иборат. Биринчи босқичда Табиат ресурслари вазирлиги сунъий йўлдошдан олинган суратларни таҳлил қилиб, мамлакатнинг «Яшил индекс»ини аниқламоқчи. Ҳозирда Сирдарё вилоятида синов ишлари кетмоқда.