Қатар давлати раҳбари шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда 8−9 май кунлари инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратовнинг Қатарда вазирлик, идоралар ҳамда йирик компаниялари раҳбарлари билан ўтказган музокаралар давомида сўз боради.

Учрашувларда икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар кўриб чиқилган.

«Қатар томони ўзаро ҳамкорлик салоҳиятини юқори баҳолади ва Қатар раҳбарининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштиришга кучли туртки бериши ҳамда икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда янги саҳифа очишига ишонч билдирди», — дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, тадбирда ўзаро савдони ривожлантириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини ҳамда энергетика, нефть-кимё, кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, туризм, IT соҳаси ва бошқа соҳалардаги инвестиция лойиҳаларини қамраб олган Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишга келишилган.

Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни имзолашга тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди. Томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан Тошкентда икки давлатнинг йирик ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этилади.

Келтирилишича, молия вазири Али ал-Куварий билан суҳбат чоғида бир қатор инфратузилмавий лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўришга келишилди. Марказий банк Бошқарувчиси — Қатар инвестиция агентлиги раиси Абдулла ал-Тани билан Қатар ва Ўзбекистон тижорат банклари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Энергетика вазири — Қатар Энергетика компанияси раиси Саад ал-Кааби билан Nebras Power компанияси билан энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Қатар Савдо-саноат палатаси раиси Халифа ал-Тани билан учрашув доирасида қўшма Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.