Экопартия Ўзбекистон президентлигига номзодини эълон қилди

Ўзбекистон Экологик партияси ўз раҳбари Абдушукур Хамзаевни президентликка номзод сифатида кўрсатишни режалаштирмоқда. У бу лавозимда декабрь ойидан буён фаолият юритади.

Ўзбекистонда миллий қадриятлар рўйхатини тузиш таклиф қилинди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) муҳим миллий қадриятлар рўйхатини шакллантиришни таклиф қилди. Унга, жумладан, ота-онага эҳтиром, ўзбек тили, диний бағрикенглик, сўз эркинлиги ва бошқалар киритилган.

«Даволаниш. Таълим. Уй-жой таъмири». Ўзбекистонликлар кўпроқ нимага пул сарфлайди?

Марказий банк 2023 йилнинг I чораги бўйича Аҳолининг истеъмол кайфияти шарҳини эълон қилди. Ўрганиш респондентларнинг таълим, уй-жой таъмири, даволанишга кўпроқ маблағ сарфлаганини кўрсатди. Кредит олувчилар бироз камайган, маиший хизмат соҳасидагиларнинг даромадлари бўйича кутилмалар яхшиланган.

Қуёш панелларини ўрнатишдаги камчиликлар учун 9 та туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берилди

Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда қуёш панелларини ўрнатишда камчиликларга йўл қўйган 9 та туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берилиши белгиланди. 2 ойда ўзгариш қилмаса, улар ишдан олинади.

Тошкентдаги йўналишларга яна 60 га яқин электробус чиқарилади

Тошкентдаги йўналишларга яна 59 та Yutong электробуслари қўйилади (169 та шундай транспорт воситаси 20 апрелдан ҳаракатлана бошлаган). Бу бир қанча йўналишларнинг ҳаракат таркибини тўлиқ янгилаш ва айримларида электробуслар сонини кўпайтириш имконини беради.

Тошкентда бино 3 қават ўрнига 12 қават қилиб қурилгани бўйича судга даъво аризаси киритилди

Учтепа туманида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси эскиз лойиҳасида 3 қават бўлиши кўрсатилгани, бироқ амалда 12+1 қават қилиб қурилаётгани аниқланди. Қурилиш вазирлиги бошқармаси ҳолатни ўрганиб, бинонинг қўшимча қисмини бузиш бўйича судга даъво аризаси киритди.

Байроқ рангидаги тасма таққан йигит иши бўйича ИИБ ходимларига хизмат текшируви тайинланди

Қашқадарёда байроқ рангидаги тасма таққан йигит иши бўйича ИИБ ходимларига хизмат текшируви тайинланди. Аввалроқ «Юксалиш» ходимлар ва ноқонуний қарор қабул қилган суд ҳаракатларига қандай баҳо берилганига қизиқиб, иш тафсилотларини очиқлашга чақирганди.

Аҳоли ва тадбиркорларга берилган «яшил» кредитлар фоизларининг бир қисмини давлат қоплаб беради

Ўзбекистонда «Қуёшли хонадон» дастури қамровини ошириш мақсадида аҳоли ва тадбиркорларга берилган «яшил» кредитлар фоизларининг бир қисмини қоплаш, «яшил энергия» сертификатлари тизимини яратиш ҳамда ГЭСларга «яшил» сертификатлар берилиши белгиланди.

Тадбиркорларнинг банкдаги пулларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жазо тайинланади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда жиноят кодексига қўшимча киритилди. Энди тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан розиликсиз пул ўтказган ёки олиб қўйган ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаган шахслар 13,2 млн сўмгача жаримага тортилади. Ҳолат яна қайтарилса, 3 йилгача қамоқ жазоси тайинланади.

Пастдарғомда маҳалла раисларига ноқонуний топшириқ берган камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи ишдан олинди

Самарқанд вилоятида маҳалла раисларига «Менинг лойиҳам»га овоз бериш бўйича ноқонуний топшириқ берган Пастдарғом туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи лавозимидан четлатилди.

Сурхондарёнинг эртапишар қовунлари — суратларда

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида дакара навли эртапишар қовун ва дўлбе навли тарвуз етиштирилиб, қовундан илк ҳосил олинди. Етилишига 4 ой вақт кетган полиз маҳсулотлари ички бозорга юборилмоқда. Фото.

Тошкентда 12 ёшли қизнинг ўлдирилиши бўйича тергов якунланди

Бош прокуратура январь ойида Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизни зўрлаш ва ўлдириш бўйича жиноят иши судга оширилганини маълум қилди. Аввалроқ қиз яшаган уйда таъмирлаш ишлари билан шуғулланган 29 ёшли эркак қотилликда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.

«Озодликдаман, ўлиб кетганим йўқ». 15 суткага қамалган Аctivist лойиҳаси муаллифи оммага кўриниш берди

8 апрель куни 15 суткага қамалган Аctivist лойиҳаси муаллифи, блогер Ҳожиакбар Носиров орадан бир ой ўтиб жамоатчиликка видео чиқиш билан кўриниш берди. «Менда ҳаммаси яхши, озодликдаман. Ўлиб кетганим йўқ ёки фирибгарлик, товламачилик билан устимдан жиноий ишлар очилгани йўқ», — дейди у.

Қатар амирининг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда

Қатар раҳбари шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкин. Қатар томони унинг бўлажак ташрифи кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштиришга кучли туртки беришига ишонч билдирмоқда.

Осиё Кубоги-2023: Ўзбекистон «Б» гуруҳида Австралия, Сурия ва Ҳиндистон билан ўйнайди

Футбол бўйича 2023 йилги Осиё Кубоги мусобақасининг гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Ўзбекистон «Б» гуруҳидан ўрин олиб, Австралия, Сурия ва Ҳиндистон билан ўйнайдиган бўлди. Мусобақа 12 январидан 10 февралига қадар Қатарда бўлиб ўтади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва репортажлар:

Нукус воқеалари бўйича айбланувчилар жазони енгиллаштиришни сўради

Нукус воқеалари бўйича апеллация иши жараёнида судланувчилар ва адвокатлар жазони енгиллатишни, марҳум Шамшетовни эса оқлашни сўради. Прокуратура шартли равишда ҳукм қилинган 4 нафар судланувчига нисбатан жазони кучайтиришни сўради. Биринчи куни Тажимуратов ва Найипов ўртасида можаро келиб чиқди.

Жиловланган вақт. Мутахассислиги бўйича авточилангар ва қисматига кўра соатсоз бўлган Аъзамхон Набиев ҳикояси

Аъзамхон Набиев соатларни 20 йилдан бери тўплайди. Унинг коллекциясида 200 дан ортиқ соат намунаси бор. Уларнинг айримлари вақтни кўрсата бошлаганига юз йилдан ошган. «Газета.uz» ноодатий устахонада бўлиб, соатсоз билан унинг коллекцияси, эски соатларни созлаш ва уларнинг баҳоси ҳақида суҳбатлашди.

Ўзгидромет — 102 ёшда. Ўзбекистонда гидрометеорология хизмати қандай ривожланган?

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати бу йил 102 йиллигини нишонламоқда. Туркистон метеорология институти ташкил этилган 1921 йилнинг 7 майи Ўзгидромет таваллуд топган кун сифатида нишонланади. XIX асрнинг иккинчи ярмидан ҳозирги кунгача хизматнинг қандай ривожлангани — «Газета.uz» фотоматериалида.