Таркибида кармин моддаси мавжудлиги сабабли айрим йогуртлар ҳаром эканини айтиб чиққан Аctivist лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров 15 суткага қамалган эди.

Унинг қамалгани ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлганди. Орадан бир ой ўтиб Ҳожиакбар Носиров ўзининг Instagram саҳифасида жамоатчиликка ва уни қўллаб-қувватлаганларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

«Менда ҳаммаси яхши, озодликдаман. Кўп телеграм каналларда ёзишаётганидек, ўлиб кетганим йўқ ёки фирибгарлик, товламачилик билан ҳам устимдан жиноий ишлар очилгани йўқ. [Қамоқдан] чиққаним ҳақида гапирмай турганимни сабаби бор, албатта, узрли сабаб. Шунинг учун тўғри тушунасизлар деган умиддаман. Қўллаб-қувватлаб видео олганларни, изоҳлар ёзганларни, умуман, моддий-маънавий қўллаб қувватлашга ҳаракат қилганларни кўрдим, ҳаммага раҳмат. Тўғриси жудаям хурсанд бўлдим», — дейди блогер.

У келгуси фаолияти ҳақида ҳам гапираркан, «Йиғиштириб ташлаш ният йўқ, хавотирга ўрин йўқ. Шунчаки, озгина танаффус олмоқчиман. Фикрларимни тартибга соволиб, мақсадларни бир кўриб чиқиб, янада кучли бўлиб қайтиш учун Худо хоҳласа. Танаффус пайти албатта, йўқ бўлиб қолмайман: сторис ва постларда сизлар билан бирга бўлиб турамиз ва процестни ўзларингиз кўрасизлар», — деди.

Ҳожиакбар Носиров ўзи билан боғлиқ ҳолат ҳақида ҳам фикрларини билдирган. «Бўлган воқеа бўйича фикримга келадиган бўлсак, биласизлар мен нима бўлса ҳам яхшиликка дейман. Бунда ҳам бир ҳикмат бордир», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг маълум қилишича, 2023 йил 8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида блогер Ҳожиакбар Носиров (1997 йилда Тошкентда туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган)га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилган.

Шайхонтоҳур тумани ИИО ходимлари томонидан Тошкентда «диний муҳитни соғломлаштириш борасида» олиб борилаётган ижтимоий тармоқларда мониторинг тадбирлари давомида Ҳожиакбар Носиров Тelеgrаm`даги каналида Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 апрелдаги 18−660-сонли хулосасига асосан аҳоли орасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ғояларни тарқатгани аниқланган.

Суд хабарига кўра, блогер ИИО ходимларининг ҳужжатларини текшириш учун тақдим этиш, тушунтириш бериш ва иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиш каби қонуний талабларига бўйсунмаган.

«Суд мажлисида блогер тариқасида сўроқ қилиш учун Ҳ.Н. га сўз берилганида, ҳуқуқбузар ва унинг ҳимоячиси ҳолат юзасидан кўрсатма беришдан бош тортди», — дейилади хабарда.

«Ҳожиакбар Носиров кўрсатма беришдан бош тортган бўлса-да, унинг юқоридаги ҳуқуқбузарликларни содир этган иш ҳужжатларидаги ИИО ФМБ ходимининг билдиргиси, далолатнома, кўздан кечириш ва электрон материалларни олиш баённомаси, Тelеgrаm мессенжеридаги Activist каналидан олинган фотолавҳалар, DVD-R дискидаги видеолавҳалар, ашёвий далилларни олиш баённомаси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосаси ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топди», — дейилади Тошкент шаҳар судлари хабарида.

Суд қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−3-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми бўйича тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу кодекснинг 34-моддаси тартибида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мазкур иш бўйича 2023 йил 14 апрель куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига Ҳожиакбар Носировнинг адвокат Сирожиддин Ишпулатов томонидан апелляция шикояти келиб тушган. Суд мажлиси 2023 йил 14 апрель соат 15:00 га тайинланганди.

Лекин, Ҳожиакбар Носиров томонидан адвокатнинг шикоятини кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ариза келтирилган. Шу сабаб суд Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324−4 (Апелляция шикоятини қайтариб олиш) ва 324−8-моддаларига (Апелляция инстанцияси судининг ваколатлари) асосан, апелляция шикоятини кўрмасдан қолдириб, апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқарилган.