Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов белгиланган вазифалар ижроси юзасидан танқидий йиғилиш ўтказиб, қатор масъулларга чора кўрилишини билдирди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ёзмоқда.

Таъкидланишича, ҳудудларда ўтказилган ўрганиш ишлари жараёнларида аниқ муддат билан ижрочиларга вазифалар берилган бўлишига қарамай, топшириқлар ижроси бугунги кунга қадар бажарилмаган.

Хусусан, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари томонидан 18 та, жумладан, қурилиш мажмуаси томонидан 9 та топшириқ ижроси таъминланмаган. Ушбу топшириқлар таҳлил қилинганда «Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ ҳамда унинг ҳудудий корхоналари томонидан 3 та, «Сурхондарёавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти 3 та, «Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДУК томонидан 2 та топшириқ ижроси бажарилмаган.

Ижро интизомини ўз ҳолига ташлаб қўйган масъулларга, хусусан, вилоят ҳокимининг барча ўринбосарларига огоҳлантириш берилди. Ҳокимликка кўра, бир нафар биринчи ўринбосар ва 7 нафар ўринбосар огоҳлантирилган ва уларга ижроси таъминланмаган топшириқларни бажариш учун 1 ҳафта вақт берилган.

Шунингдек:

  • қишлоқ хўжалиги мажмуаси котибият мудири;
  • «Сурхондарё ҲЭТК» АЖ ва унинг Денов, Музработ, Ангор, Қизириқ, Жарқўрғон, Шеробод ва Шўрчи туманлари бўлимлари;
  • «Сурхондарёавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти;
  • «Сурхондарё сув таъминоти» МЧЖ;
  • «Сув таъминоти ва оқова сув тармоқлари қурилиши бўйича» ИК Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси;
  • «Ягона буюртмачи хизмати» ИК;
  • «Ҳудудгазтаъминот» вилоят филиали;
  • «Ўзнефтгазинпексия» ва «Ўзэнергоназорат» инспекцияси вилоят бўлимлари раҳбарларига;
  • қатор ҳудудларда туман ҳокимларининг ўринбосарларига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш топшириғи берилди.

Март ойи ўрталарида Анвар Орипов Сурхондарё вилояти ҳокимига молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосар, Фарҳоджон Исмоилов эса қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосар этиб тайинланганди.