8 май куни президентнинг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (ПҚ-149-сон) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги этиб қайта ташкил қилинди.

Миллий антидопинг агентлиги, жумладан:

  • Республика ижро этувчи ҳокимият органи мақомига эга бўлиб, ўз фаолиятида Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор.
  • Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг талаблари ва қоидалари бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб боради ҳамда тезкор жорий этади.

Қарорга мувофиқ, вазирлик ва идораларда ягона меҳнатга ҳақ тўлаш тизими жорий қилингунга қадар 15 майдан агентлик ходимларига қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):

  • 1 йилдан 3 йилгача — 0,3;
  • 3 йилдан 5 йилгача — 0,6;
  • 5 йилдан 10 йилгача — 0,8;
  • 10 йилдан 15 йилгача — 1;
  • 15 йилдан 20 йилгача — 1,2;
  • 20 йилдан юқори — 1,5.

Республикада ва хорижда ўтказиладиган мусобақаларда допинг-синамалар олиш ҳуқуқига эга бўлган халқаро тоифадаги допинг офицерларни Халқаро тест агентлигида (International Testing Agency) ўқитиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, антидопинг назорати ва мониторинги соҳалари рақамлаштирилади. Бунда:

  • Допинг-тест ва допинг назоратини ташкил қилиш, спортчилар ҳақида маълумотларни тўплаш ва сақлашга оид спортчининг «биологик паспорти» (ABP) онлайн тизими жорий этилади;
  • Спортчилар учун антидопинг таълим электрон платформаси яратилади;
  • Босқичма-босқич Спортда тақиқланган моддаларни текшириш миллий платформаси жорий этилади.

Аввалроқ Ўзбекистон U-20 терма жамоаси футболчиси Шахриёр Жабборов допинг тести туфайли футболдан вақтинча четлатилганди. ЎФА текширув ҳали якунланмагани, унинг эҳтиётсизлик сабаб сифатсиз биологик фаол моддалар истеъмол қилган бўлиши эҳтимоли ўрганилаётганини билдирган.