Покистон суди мамлакат собиқ бош вазири ва «Теҳрик-э-Инсаф» мухолифат партияси етакчиси Имрон Хонни ҳибсга олди, деб хабар бермоқда Reuters.

Хон давлат маблағларини ўзлаштириш иши доирасида ҳибсга олинган. Унинг ҳибсга олинишига иш бўйича аввалги суд мажлисларига келмагани сабаб бўлган.

Шундан сўнг, «Теҳрик-э-Инсаф» Twitteri`да Хон тарафдорларини кўчага чиқишга чақирди. «Покистон халқи, мамлакатингизни қутқариш вақти келди. Сизда бошқа имконият бўлмайди», — дейилади хабарлардан бирида.

Имрон Хон 2022-йилнинг апрелида Покистон бош вазири лавозимидан четлатилган эди. Ўшандан бери унга қарши ўнлаб жиноий иш қўзғатилди, жумладан, терроризм бўйича иш ҳам. Хон тарафдорлари таъқибни сиёсий деб билади.

Истеъфога чиқиши арафасида Хон давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган ва президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди. Музокаралар якуни бўйича бир қатор ҳужжатлар имзоланган эди.

Reuters агентлигининг таъкидлашича, Хоннинг ҳибсга олиниши «ядро қуролига эга мамлакатда оммавий тартибсизликлар» хавфини келтириб чиқаради. Покистонда сўнгги ойларда рекорд даражадаги инфляция ва секин иқтисодий ўсиш билан ўн йилликлардаги энг ёмон иқтисодий инқироз авж олди.