5 май куни Самарқанд шаҳрига Yutong электробусларининг дастлабки 6 донаси олиб келинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бу компания 2022 йилдан буён Тошкент шаҳри учун электр транспортини ҳам етказиб бермоқда.

Йил охиригача Самарқанд ҳокимлиги яна 94 та электр автобусни олишни режалаштирмоқда. Яқин йилларда шаҳарда 350 та электр транспорти харид қилиниши кутилмоқда.

Янги машиналарни харид қилиш Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан молиялаштирилади. 2022 йил июль ойида у «Яшил шаҳарлар» дастури доирасида [Самарқанд 2021 йилда ЕТТБнинг «Яшил шаҳарлар» дастурига киритилган] ушбу мақсадлар учун 95 миллион еврогача маблағ ажратиш ниятида эканини маълум қилганди.

Самарқанд шаҳрида қувватлаш тизими ва таъмирлаш мосламаларига эга янги электроавтобус паркини қуриш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилмоқда. Унгача дастлабки машиналар шаҳар трамвай депосида қувватланади ва хизмат кўрсатилади.

Президент 2022 йил апрель ойида Самарқанд жамоат транспортини ривожлантириш дастури билан танишган эди. 2022 йилда 80 та, 2023 йилда 100 та электробус олиб келиниши режа қилинганди.

8 апрелда Тошкентга Хитойда ишлаб чиқарилган 233 та автобус ва электробус келтирилганди. Шундан 203 таси Yutong электробус ва автобуслари, 30 таси эса ўта катта сиғимли (18 метрли) King Long автобусларидир.