Шавкат Мирзиёев 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашувда ахборот маконида ҳаққонийлик ва холислик бош мезон эканини унутмаслик зарурлигини айтиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Бугунги кунда халқ овози ва фикрини кенг жамоатчиликка, давлат идоралари эътиборига олиб чиқаётган энг таъсирчан куч, бу — оммавий ахборот воситалари ва журналистлар экани таъкидланди.

«Жамиятимиздаги очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш мақсадида оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, ахборот олиш, фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлар қатъий кафолатланмоқда. Шу билан бирга, сўз эркинлиги бу — масъулият ҳам дегани. Яъни, ахборот маконида ҳаққонийлик ва холислик бош мезон эканини ҳам унутмаслигимиз зарур», — деди давлат раҳбари.

Айни пайтда, нодавлат ташкилотларнинг ролини янада ошириш, ҳуқуқларини кафолатлаш орқали фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.