Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантино билан 5 май куни ўтказган учрашувда мамлакатда футболни оммалаштириш ва йирик тадбирларни биргаликда ўтказиш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

жанни инфантино, ўзбекистон, фифа, шавкат мирзиёев

Қайд этилишича, нуфузли глобал спорт ташкилоти раҳбари Ўзбекистонда футболни ривожлантириш, унга ёшлар ва қизларни кенг жалб қилиш, истеъдодларни тарбиялаш, оммабоп ва замонавий инфратузилмани яратиш, малакали мураббийлар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади ва тўлиқ қўллаб-қувватлади.

«Жанни Инфантино Ўзбекистон етакчисини ёшлар терма жамоамиз яқинда Осиё Кубогида ғалаба қозонгани билан самимий табриклади. Бу соҳада амалга оширилаётган амалий ишлар самарадорлигининг навбатдаги тасдиғи эканини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Учрашувда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва ФИФА ўртасидаги яқин ва сермаҳсул ҳамкорлик юксак даражада экани, унинг доирасида бугунги кунда мамлакатда замонавий футбол кластерини ташкил этиш чоралари кўрилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистонда жаҳон миқёсидаги спорт тадбирлари ва биринчиликларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, миллий терма жамоани тайёрлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва Ассоциация салоҳиятини оширишга техник кўмакни кенгайтириш ҳамда иқтидорли футболчиларни селекция қилиш тизимини ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати эълон қилинган фотосуратлардан бирида Жанни Инфантинонинг Шавкат Мирзиёвга унинг фамилияси ҳамда туғилган кунига (24 июль — таҳр.) мос 24 рақами туширилган футболка тортиқ қилгани акс этган. Аввалроқ ФИФА раҳбари Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаевга ҳам унинг фамилияси ҳамда 10 рақам туширилган футболка ҳамда ФИФАнинг рамзий тўпини ҳадя қилган эди.