Тошкент шаҳрида бир нечта фуқаролар ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатаётгани акс этган видео тарқалгач, ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ текширув ўтказди.

Аниқланишича, воқеа 28 апрель куни тахминан соат 01:35 да Янгиҳаёт туманидаги «Янгиҳаёт» ЙПХ масканида содир бўлган.

«Ходимлар Gentra автоуловини тўхтатиб, ҳайдовчидан ҳужжатларни тақдим этишни сўраган. Шу вақтда автомашинадаги йўловчилар — 1995 йилда туғилган З.Б., 1977 йилда туғилган Х.Ж. ва 2000 йилда туғилган Н.Ф. ходимларга нисбатан турли хил ҳақоратли сўзлар айтиб, жамоат тартибини бузган. Шунингдек, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларга нисбатан қаршилик кўрсатган», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ томонидан автомашина йўловчиларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Суд уларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.