Апрель ойи охирида Ўзбекистонда чиқинди хавфсизлиги ва сувнинг фавқулодда ифлосланишининг олдини олиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ тузиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Ўзбекистон Марказий Осиёда (Қозоғистон ва Тожикистондан кейин) расман шундай ишчи гуруҳини тузган учинчи давлатга айланади, деб хабар қилди БМТ матбуот хизмати.

Ўзбекистонда олтин ва уран фаол қазиб олинмоқда, шу пайтгача мамлакат ҳудудининг атиги 20 фоизи ўрганилгани ҳисобга олинса, яқин йилларда тоғ-кон саноати ривожланиши кутилмоқда.

Шахталар сони ва ҳажмининг кутилаётган ўсиши чиқиндилар кўпайишига олиб келиши мумкин, бу эса сувнинг ифлосланиши хавфини келтириб чиқаради.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 41 та радиоактив ва бошқа зарарли чиқиндилар сақланадиган жой мавжуд бўлиб, улардан 10 таси трансчегаравий таъсир характерига эга. Бундан ташқари, БМТ Ўзбекистон дарёларнинг қуйи оқимида жойлашгани ва унга юқори оқимдаги мамлакатлардаги сув ифлосланиши таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади.

«Шунинг учун идоралараро ва трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш сувнинг фавқулодда ифлосланишининг олдини олиш ва авария оқибатларини юмшатиш учун муҳим ҳисобланади», — дея таъкидлади БМТ.

Йиғилиш иштирокчилари БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг (БМТ ЕИК) чиқиндихоналар хавфсизлигини ошириш бўйича тавсияларини кўриб чиқди, шунингдек, Қозоғистон ва Тожикистонда идоралараро ишчи гуруҳларни ташкил этиш тажрибасини ўрганди.

БМТ ЕИК Ўзбекистонни Швейцария Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш федерал бошқармасининг молиявий кўмаги орқали жамоалар ташкил этиш, жойларда тренинглар ўтказиш ва субминтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда қўллаб-қувватламоқда. Ишчи гуруҳ саноат хавфсизлиги, сув ресурслари учун масъул органлар, шунингдек, хусусий сектор, илмий доиралар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик қилиш учун платформа вазифасини ўтайди.

Табиат ресурслари вазирлиги вакили Жаҳонгир Толипов мазкур гуруҳ Ўзбекистонга тоғ-кон саноати соҳасида миллий бошқарувни кучайтириш имконини беришини, 2030 йилгача мамлакатнинг экологик мақсадларига эришишга кўмаклашишини ва БМТ ЕИК ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар конвенциясига қўшилиш йўлида ҳаракат қилишини таъкидлади.

БМТга кўра, Ўзбекистон ҳозирда ушбу конвенцияга аъзо бўлмаса-да, 2005 йилдан бери ушбу конвенция доирасидаги ёрдам ва ҳамкорлик дастуридан кўмак олмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон 2007 йилдан бери сув бўйича конвенциянинг аъзоси ҳисобланади. Иккала конвенция ҳам мамлакатга сувнинг фавқулодда ифлосланишининг олдини олиш учун зарур ёрдамни тақдим этади.