1 май куни «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти раҳбарияти ва автобус саройи раҳбарлари иштирокида жамоат транспорти тизимида йўл қўйилаётган камчиликлар, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган муаммолар юзасидан танқидий йиғилиш ўтказилди, дея хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Унда ўзига бириктирилган автобусни эҳтиётсизлик билан бошқарган автобус ҳайдовчиси Т.Н., шунингдек, автобус саройи масъул ходимларига чора кўрилди. Бунга уларнинг ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, автобуслар ҳаракатини хавфсиз ташкил этиш чораларини кўриш бўйича ҳайдовчилар ўртасида етарли даражада йўриқнома ўтказиб, тушунтириш ишларини олиб бормагани сабаб бўлган.

Шунингдек, автобуслардаги реклама баннерлари жойлаштирилиши ва бартараф этилишига совуққонлик билан ёндашгани ҳамда йўналишларга чиқариладиган автобус ва электробусларнинг иш тартибини тўғри ташкил этмагани кабилар ҳам асос бўлган.

Жумладан:

  • 2-Автобус саройи филиали директори ўринбосари ва ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими бошлиғи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, филиал директорига ҳайфсан чораси кўрилди;
  • 1-Автобус саройи филиали директори ўринбосари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, филиал директорига ҳайфсан интизомий чораси кўрилди;
  • 7-Автобус саройи филиали директори ўринбосарига ҳайфсан интизомий чораси кўрилди. Реклама жойлаштириш бўйича масъул ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди;
  • 1-, 2-, 5-, 7-, 8-, 12-, ва 18-Автобус саройлари филиаллари бош муҳандисларига ҳайфсан интизомий чораси кўрилди.

Шунингдек, барча автобус саройи раҳбарларига йўловчилар билан хушмуомала бўлиш, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш юзасидан барча ҳайдовчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, ҳайдовчилар устидан назорат кучайтирилиши юзасидан қатъий топшириқлар берилган.

«Юқоридаги каби ҳолатлар кузатилган тақдирда, „Тошшаҳартрансхизмат“ акциядорлик жамиятининг 1062 ишонч рақамига ва info@tashbus.uz орқали мурожаат қилишингизни ҳамда автобус ҳайдовчиси ёки чиптачиси амалга ошираётган қоидабузарликни суратга олиб, автобус рақамини бизга юборишингизни илтимос қиламиз», — дейилади хабарда.