29 апрель куни Халқ депутатлари Нурафшон шаҳри кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудга ҳоким тайинлаш масаласи кўриб чиқилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Музаффар Солиевни эгаллаб турган вазифасидан озод қилиш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори депутатлар томонидан тасдиқланди.

Музаффар Солиев 7 апрелдаги қарор билан ўз лавозимидан озод этилганди.

Kun.uz манбасига таяниб хабар беришича, Солиев уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимида ишлаган вақтидаги ҳолат билан боғлиқ иш бўйича терговга жалб этилган бўлиши мумкин.

Сессия ишида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди ва Нурафшонда тадбиркорликни ривожлантиришда кўплаб муаммолар борлигини таъкидлади.

Нурафшон шаҳри ҳокими лавозимига Илҳом Қиличханов номзоди вилоят ҳокими томонидан тавсия этилди. Муҳокамалардан сўнг номзод депутатлар ўртасида овозга қўйилди ва тасдиқланди.

Илҳом Маҳмуджонович 1986 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 2007 йил Тошкент давлат техника университети, 2014 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавр босқичини, 2018 йилда магистратура босқичини тамомлаган.

Лавозимга тайинлангунга қадар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимида фаолият юритиб келаётганди.