Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковнинг РФда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони ошгани ҳақидаги сўзларига изоҳ берди.

Аввалроқ иккинчи Тошкент инвестиция форумида Максим Решетников Россияга ишлаш учун келаётган Ўзбекистон фуқаролари сони етти йил ичида тўрт баравар кўпайганини маълум қилган эди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг қайд этишича, меҳнат миграцияси, айниқса Россияга ишлаш учун кетаётганлар оқими иш мавсумига қараб жуда ўзгарувчан.

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг асосий қисми Россия ҳиссасига тўғри келсада, аммо хабарларда таъкидланаётгандек сўнгги 7 йилда ушбу давлатга кетаётган юртдошларимиз сони 4 баробар ошмаган, дея маълум қилди агентлик.

«Агар рақамларга мурожаат қилинса, Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик мигрантлар сони 2016 йилда тахминан 2 миллион нафар бўлган бўлса, ҳозирги вақтда бу 1,5 миллион нафарга яқинни ташкил этади», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш, хусусан, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни дунёнинг ривожланган давлатларига манзилли ишларга жалб қилиш бўйича қатор натижаларга эришилгани қайд этилди. Жумладан, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Германия, Буюк Британия ва Европанинг бошқа мамлакатларида қурилиш, ишлаб чиқариш, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг турли йўналишларида ишчиларга талаб юқори.

Бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва 33 та давлатнинг 500 га яқин иш берувчи ташкилотлари ўртасида келишувлар мавжуд.