Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Ўзбекистонда қизамиқ билан касалланганлар сони ортаётгани билан боғлиқ вазият юзасидан маълумот берди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) кизамиқ ва қизилча касаллиги бўйича эълон қилинган маълумотларига кўра, ҳозирда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатида мураккаб эпидемиологик вазият сақланиб турибди.

2022 йил якуни бўйича дунё бўйича 155 минг ҳолатда қизамиқ касаллиги рўйҳатга олинган.

2023 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонда 37 нафар беморда қизамиқ касаллиги тасдиқланган.

Қизамиқ бўйича мураккаб эпидемик вазиятнинг олдини олиш мақсадида республикада 2022 йилнинг 16 ноябрь — 30 декабрь кунлари 6 ойликдан — 5 ёшгача бўлган болаларни қизамиқ-қизилчага қарши оммавий эмлашлар ўтказилган. Эмлаш тадбирлари натижасида режадаги 3 355 900 нафар болаларнинг 3 303 582 нафари ёки 98,4% эмлаш билан қамраб олинган ва ҳозирда ҳам эмлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Қўмита «ҳозирда республикада касалликка қарши барча зарур профилактик чоралар кўрилаётгани, эпидемик вазият барқарор ва тўлиқ назоратга олингани»ни маълум қилди.

Аввалроқ Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олган ЖССТнинг Европа минтақасида қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида ёзгандик. Ташкилот маълумотида, шунингдек, Ўзбекистонда уч ой давомида 26 та (ўтган йили — 8), Тожикистонда — 199 (451) ҳолат тасдиқлангани келтирилган.

2017 йилда ЖССТ Ўзбекистонни расман қизамиқ ва қизилча касаллигидан холи давлат деб тан олганди. Бироқ 2018 йилдаёқ мамлакатда қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари яна аниқланган. 2019 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолатлар четдан олиб келинганини маълум қилган.