28 апрель куни Бухоро шаҳридаги автосервис устахонасида газ баллони ёрилди, деб хабар бермоқда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати.

Соат 16:15 да вилоят ФВБга Бухоро шаҳри «Ғафур Ғулом» МФЙ Ибн Сино кўчаси йўл ёқасида жойлашган «Шароф газ сервис» МЧЖга қарашли автомобилларга газ баллонларини ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш устахонасида маиший газ баллони ёрилгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Ҳолат юзасидан воқеа жойига 2 та ёнғин-қутқарув автоэкипажи жалб қилинган. Шифокорларнинг дастлабки ташхисига кўра, 2 фуқаро (1985 ва 1986 йилларда туғилган) 90−95 фоиз куйиш тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали куйиш бўлимига ётқизилган. Ҳозирда аҳволи оғир.

Воқеа сабаби ўрганилганда хизмат кўрсатиш устахонасида ҳажми 50 литрли суюлтирилган маиший газ баллонини таъмирлаш жараёнида баллон ёрилиб, устахонанинг эшик ва деразаларининг синиб, шикастланишига олиб келгани маълум бўлди.