Чоршанба куни Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича бошқарув йиғилишини бир ҳафтага — 27 апрелдан 4 майга кўчиришга қарор қилди, деб хабар берди регулятор матбуот хизмати.

Қарор жорий макроиқтисодий вазият ва кутилмаларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.

«Прогнозларни янгилаш, ички ва ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришларни кенг қамровли таҳлил қилиш ҳамда зарурий хулосалар шакллантириш қўшимча вақт талаб этилади», — дейилади ҳисоботда.

Ўтган йили регулятор асосий ставкани қайта кўриб чиқиш учун йиғилишни икки марта қолдирган. Март ойида Россия ҳарбийларининг Украина ҳудудига бостириб киришидан сўнг Марказий банк «ташқи иқтисодий вазият хавфи»ни инобатга олган ҳолда уни бир ҳафтага қолдирганди.

Октябрь ойида эса йиғилиш ххалқаро ташкилотларнинг янгиланган макроиқтисодий кўрсаткичлари кутилаётгани учун кейинга қолдирилган.

16 март куни бўлиб ўтган сўнгги йиғилишда Марказий банк асосий ставкани йиллик 15 фоиздан 14 фоизга туширишга қарор қилган.