«6771 та овоз билан биринчи марта Сетагая округи депутатлигига сайландим. Ҳаммага раҳмат. Бугун Сетагая палатаси идорасига ғолиблик сертификатини қабул қилиш учун бораман. Севимли Япониямни Сетагая округи орқали ўзгартираман».

Асли ўзбекистонлик Орзугул Бобохўжаева 24 апрель куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида шундай хабар қолдирди. Жамоатчилик уни ғалаба билан табриклаб, «Японияда депутатликка сайланган илк ўзбекистонлик» дея эътироф этмоқда.

«Газета.uz» Орзугул Бобохўжаева сайловолди ташвиқоти доирасида очган шахсий сайтидаги маълумотлар асосида унинг қисқача таржимаи ҳолини баён қилади.

Орзугул 1985 йили Тошкентда туғилган

13 ёшида хирагана (япон алифбоси)ни кўриб, уни «бир кўришда севиб қолган» ва, шахсий сайтида таъкидланишича, 14 ёшидаёқ Тошкент давлат шарқшунослик институтининг япон йўналишига ўқишга кирган.

Орзугул Бобохўжаева онаси ва синглиси билан. Foto: Orzugul.comОрзугул Бобохўжаева онаси ва синглиси билан. Foto: Orzugul.com

Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, у 1948−1952 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ҳисобланган Абдусамад Бобохўжаевнинг невараси (Бобохўжаев БМТ минбарига чиқиб нутқ сўзлаган илк ўзбекистонлик сифатида кўрсатилади). Шунга қарамай, Орзугул Бобохўжаеванинг болалиги енгил кечмаган.

У ва сингиллари ёлғиз она томонидан тарбияланган. У ҳаётининг бу даврини «Ёлғиз она оиласида» ва «Камбағаллик тажрибаси» деб таърифлайди.

«14 ёшимда, талаба эдим, кундузи ўқиб, тунда меҳмонхонада ҳам меҳмонларни рўйхатга олувчи администратор, ҳам япон тили таржимони бўлиб ишлардим. Гид сифатида ишлай бошлаганимдан кейин моддий аҳволимиз ўнгланиб, ҳаммаси яхши бўлиб кетди», деб ёзади у.

Фото: Orzugul.comФото: Orzugul.com

Таъкидлашича, Япония билан фавқулодда яқинлашув ҳам айнан гидлик фаолияти сабаб юз берган. «Японияни шунчалик яхши кўрардимки, жим туролмасдим. Вазифам Ўзбекистонга келган япон сайёҳларини кутиб олиш ва уларни мамлакатнинг диққатга сазовор жойларига олиб боришдан иборат эди. Жуда зўр иш эди», — дейди у.

Орзугул 21 ёшида Японияга йўл олган

Бу ҳам унинг ҳаётидаги осон бўлмаган даврлардан бири ҳисобланади — Японияда ишга топгунига қадар 53 та жойга суҳбатга борган. «Даражам янги битирувчиларники билан бир хил бўлса-да, айнан япон университетининг битирувчиси бўлмаганим боис кўп жойда мени қайтаришган», — дейди Орзугул. Охири 54-компания уни ишга олган, бу логистика соҳасидаги йирик ширкат эди.

Фото: Orzugul.comФото: Orzugul.com

Бобохўжаева кейинчалик ўз компаниясига асос солган — бу компания Японияга вино импорт қилиш билан шуғулланарди. Жумладан, ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, у Ўзбекистон вино маҳсулотларининг Японияга экспортини ҳам ташкил этган. Умуман, Бобохўжаева шу вақтгача ўзбек матбуотида 2018 йили Тошкентда ўтказилган «Вино санъати» фестивали баҳона тилга олинган эди.

Орзугул Бобохўжаева япон медиасида ҳам ўзига яраша таниқли. Хусусан, R1 йогурт брендининг рекламасида чиқиш қилган: унда Ўзбекистон тилга олинади ва исириқ кўрсатилади.

У турмуш ўртоғининг меҳнат фаолияти сабаб маълум муддат Россияда ҳам яшаган. Кейинчалик Японияга қайтиб, ресторан бизнесини бошлаган. Шахсий сайтидаги маълумотлардан унинг «қайнонали қарқара келин» ва қўли ширин пазанда эканини ҳам билиш мумкин.

Орзугул Бобохўжаеванинг сайловолди дастурида нималар кўзда тутилган?

Унинг Япониядаги қийинчиликлари ишга киришда 54 та жойга суҳбатга боргани билан чекланмаган. Россиядан қайтиб, ресторан очмоқчи бўлганида япон эмаслиги ва боз устига аёл экани сабаб аксарият бино эгалари унга ижарага жой беришдан бош тортади. «Ёнимда эрим бўлмаса, нафақат бизнес учун ер, балки яшаш учун уй ҳам ижарага ололмадим», — дейди у.

Фото: Orzugul.comФото: Orzugul.com

У ўзбекона атлас кўйлакларини кийиб, сайловолди тарғиботига киришаркан, ўз блогида шундай деб ёзганди: «Озчилик ­- одамларнинг ҳис-туйғулари ҳақида қайғурадиганлардир. Чет эллик, аёл, фрилансер, якка тартибдаги тадбиркор ва энди компания эгаси сифатида мен Японияда кўп қийинчиликларга дуч келдим. Шунинг учун ҳам мен турфа одамларнинг ҳис-туйғуларига яқинлаша оламан, деб ўйлайман».

Орзугул айтган «озчилик» — аввало чет элликлардир. «Токиода 500 мингга яқин, Сетагаяда эса 20 мингга яқин чет эл фуқароси бор. Уларни озчилик дейишади, лекин уларнинг кучли иштирокини ҳис қилмайсизми?», — дейди у.

Унинг фикрича, Японияда қийинчиликларни енгиш етарлича оғир, масъулияти ўз зиммасига олишга тайёр одамларни қўллаб-қувватлаш тизими йўқ, хотин-қизлар, ёшлар ва чет элликларга айниқса қийин. Шу сабабли ҳам у биринчи галда янги ташаббусларни бўғадиган «деворлар»ни йўқ қилишга интилишини таъкидлаган. Шунингдек, у Сетагаяни Японияга янги келганлар учун бағрикенглик ва тоқатлилик маконига айлантириш истагида.

Орзугул Бобохўжаеванинг сайловолди дастурида, шунингдек, уй ва оила ташвишлари сабаб жамият ҳаётидан узилиб қолган аёлларни, фарзандини ёлғиз катта қилаётган ота ёки оналарни, кам таъминланган (камбағал)ларни, озчилик вакилларини, шунингдек, ўзини ёлғиз ҳис қилаётган одамларни қўллаб-қувватлаш, уларни босимлардан ҳимоя қилиш масалалари ҳам бор эди.

Орзугул ҳақида одамлар нима дейди?

Япониядаги ватандошнинг сиёсий жабҳадаги муваффақияти ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментидаги ҳам хурсандчилик билан қарши олинди. Facebook фойдаланувчиларидан бири томонидан қолдирган постни умумий хулоса сифатида кўрсатиш мумкин:

«Ўзбек муҳожирларининг Японияга келиши тарихи унчалик узоқ эмас. Аммо энг биринчилардан бўлиб келган опаларимиз, акаларимизнинг фарзандлари аллақачон кап-катта бўлиб қолган. Ҳадемай Англиянинг бош вазири, асли панжоблик Риши Сунак каби „ўзбекистонлик энди Японияда ҳоким бўлибди, бош вазир бўлибди“ каби янгиликларни эшитиб қолсак не ажаб».