Ўзгидромет хизмати агентлиги иш ҳафтаси давомида — 25−28 апрель кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Душанба куни ва ҳафта давомида Ўзбекистон бўйича ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Фарғона водийсининг айрим тоғли ҳудудларида ва республика жанубида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Шимолда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.

Республиканинг барча ҳудудларида ҳароратнинг кўтарилиши давом этади. Ҳаво ҳарорати кечалари +13…+15 даражагача, баъзи жойларда +16…+18 даражагача, кундуз кунлари +30…+33 даражагача, чўл ҳудудларда ва республика жанубида баъзи жойларда +35…+37 даражагача кўтарилади. Бу апрель ойининг охирги ўн кунлик меъёрий қийматларидан +4…+6 даражага юқоридир.

Пойтахтда душанба куни ва иш ҳафтасининг охиригача ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат асосан кечаси +12…+14 даража, кундузи +28…30 даража бўлади.