Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида шаръий никоҳдаги хотинини уриб, бўғиб ўлдирган эркакка суд ҳукми ўқилди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби.

Маълум бўлишича, Шеробод туманининг «Ойинли» маҳалласида яшовчи 1971 йилда туғилган эркак 2022 йил ноябрь ойида 1989 йилда туғилган аёл билан танишган. Аёл турмушидан ажрашган, 5 нафар фарзанди бўлган.

Улар бир муддат ўтиб, шаръий никоҳ асосида турмуш қурган. Аёл ўзи билан бирга 11 ёшли ногирон фарзандини ҳам олиб, судланувчининг уйида яшай бошлаган. Орадан 2 ой ўтмасдан, уларнинг орасида келишмовчилик пайдо бўлган.

Келтирилишича, судланувчи турмуш ўртоғининг бошқа шахслар билан ишқий муносабатда бўлганини гумон қилиб, ўртада жанжал келиб чиққан. 2023 йил 2 январь куни судланувчи яшаш уйида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда вояга етмаган фарзандининг кўз ўнгида турмуш ўртоғини калтаклаб, унга оғир тан жароҳати етказган. Шундан сўнг уйдаги ёғоч дастали темир теша билан аёл танасининг дуч келган жойларига уриб, бўғиб ўлдирган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, марҳуманинг ўлимига оғирлик даражасига кўра ҳаёт учун оғир бўлган тан жароҳати сабаб қилиб кўрсатилган. Суд ҳукмига кўра, эркак ЖКнинг 97-моддаси 2-қисмининг в, ж бандлари (Қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топилиб, 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд судланувчининг бирор ижтимой меҳнатдан фойдаланмасдан муқаддам бир неча маротаба қасддан оғир турдаги жиноятларни содир этиб, яна бир оғир жиноятни қасддан содир этганини эътиборга олди. Уни ўта хавфли рецидивист деб топиб, махсус тартибли колонияларда жазо ўташни белгилади.