Франциянинг Renault компанияси автомобилларини Ўзбекистонда йиғиш бутловчи қисмларни етказиб беришдаги муаммолар туфайли вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги элчиси Сардор Рустамбаев 23 апрель куни Парижда бўлиб ўтган «Ўзбекистонлик» халқаро форуми доирасида журналистларга маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Элчининг сўзларига кўра, Renault дастлаб Жиззахдаги Peugeot Citroёn учун махсус қурилган заводга сармоя киритмоқчи бўлган, бироқ Волксwаген уни ортда қолдирган. Шундан сўнг, Renault «бозорнинг жозибадорлигидан келиб чиқиб» маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда йиғиш заводини ташкил этиб, лойиҳани «нолдан» (гринфилд лойиҳаси) амалга оширди.

«Renault`нинг Ўзбекистондаги лойиҳаси компаниянинг Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатлардаги ишлаб чиқариш қувватлари билан чамбарчас боғлиқ эди. Чунки биринчи босқичда биз Ўзбекистонда эҳтиёт қисмлар етказиб бериш билан автомобиль йиғилишини ташкил этишга келишиб олдик… Маълумки, Renault Россия бозорини тарк этишга қарор қилди, бу эса афсуски, бу ердаги автомобилларни йиғишга таъсир кўрсатди», — деди Сардор Рустамбаев.

Элчининг таъкидлашича, ҳозир Ўзбекистон ва Франция томонлари «узилиб қолган глобал таъминот занжирларини тиклаш» масаласини муҳокама қилмоқда.

«Газета.uz» манбасининг хабар беришича, заводларни Россиядан Ўзбекистонга кўчириш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда. 2022-йил май ойида Renault гуруҳининг Россиядаги активлари Россия Федерациясининг давлат мулкига айланди. Бунда, «Рено Россия»нинг 100 фоиз акциялари Москва ҳокимиятига ўтказилди, АвтоВАЗ автоконсернининг 67,69 фоиз акциялари «НАМИ» федерал давлат унитар корхонаси мулкига айланди.

Renault`нинг маҳаллий ҳамкори ва расмий дистрибютори сифатида фаолият юритувчи Roodell «Газета.uz»га француз маркали автомобилларни йиғиш «таъминот билан боғлиқ муаммолар туфайли тўхтатилганини» тасдиқлади. «Биз Roodell автомобилларининг расмий дистрибютори бўлишда давом этамиз ва хизмат кўрсатамиз. Бундан ташқари, бизда ҳали ҳам сотув учун автомобиллар бор», — дейилади компания хабарида.

Roodell`нинг қўшимча қилишича, Lada етказиб бериш ҳам тўхтатилган, бироқ «сотишдан кейинги хизмат кўрсатиш давом этмоқда».

«Машиналар тайёр бўлиши биланоқ сизга хабар берамиз. Ҳозир биз фақат Kia ва Chery автомобилларини йиғамиз», — деди дистрибютор вакили.

Сардор Рустамбаев 2018-йилда ишга туширилмаган Peugeot Citroёn автомобиль заводи қурилиши ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Завод пойдеворига капсула қўйиш маросими бўлиб ўтди, бироқ муаммо икки томонлама техник ҳужжатларни топширишда эди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни бажарганини — «Жиззах» ЭИЗда тўлиқ замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Завод ҳатто Peugeot Citroёn рангларига бўялган. Унинг ўрнини яна бир йирик француз автомобиль ишлаб чиқарувчиси эгаллагани қувонарли «, — деди у.

«Газета.uz» манбасининг қўшимча қилишича, Peugeot Citroёn автомобиллари учун эҳтиёт қисмларни Россия орқали етказиб бериш режалаштирилган, бироқ компаниянинг Россиядаги шўба корхонаси «Париждаги офис билан келишмовчиликка учраган».

2017-йилнинг май ойида «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти ва Франциянинг Peugeot Citroёn концерни ўртасида Peugeot ва Citroёn брендлари остида тўлиқ саноат циклида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича «Uzbekistan Peugeot Citroёn Automotive» қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича келишув имзоланган эди. Ўша йилнинг июль ойида «Жиззах» эркин иқтисодий зонасидаги «UzPCA» ишлаб чиқариш мажмуаси пойдеворига капсула қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Завод 2018-йил 10-декабрда ишга туширилиши режалаштирилган эди. Аммо 18-декабрь куни «Ўзавтосаноат» PSA Groupe билан биргаликда «кутилмаган ўзгаришлар туфайли» автомобиль заводи лойиҳасини қайта кўриб чиқишини маълум қилди.

2019-йилнинг февраль ойида «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси ўринбосари Азизбек Шукуров «Uzbekistan Peugeot Citroёn Automotive» заводи технологик масалаларни ҳисобга олмаганда, деярли тайёр эканини маълум қилганди. 2020-йил март ойида лойиҳа ёпилгани ва Жиззахда қурилган завод негизида Volkswagen автомобилларини ишлаб чиқариш ташкил этилгани маълум бўлди.