Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шай француз телевидениесига берган интервьюсида собиқ СССР давлатларининг суверенитетини шубҳа остига олди. Дипломатнинг сўзлари кескин муносабатларга сабаб бўлди ҳамда Хитойни расман баёнот беришга мажбур қилди. Мазкур ҳолат юзасидан нималар маълумлиги ҳақида — «Газета.uz»нинг қисқача шарҳида.

Можаро моҳияти

21 апрель куни Лу Шай Франциянинг La Chaîne Info (LCI) телеканалига берган интервьюсида собиқ СССР давлатларининг суверенитети ва Қримнинг Украинага тегишли эканлигига шубҳа билан қаради.

Эфирда бошловчи Дариус Рошебен дипломатдан Қрим (яриморол 2014 йилдан бери Россия томонидан вақтинча ишғол қилинган — таҳр.) Украина таркибига кирадими, деб сўради. Бунга Лу Шай: «Бу масалага қандай қарашингизга боғлиқ. Тарих бор. Қрим бошиданоқ Россияга тегишли бўлган. Хрушчев Совет Иттифоқи даврида Қримни Украинага тортиқ қилган эди», — дея жавоб берди (TF1 Info телеканалидан иқтибос).

Журналист халқаро ҳуқуқ Қримни Украина ҳудуди сифатида кўришини айтганида, элчи ҳатто собиқ Совет Иттифоқи давлатлари ҳам халқаро ҳуқуқда «амалий мақомга эга эмаслиги», чунки «уларнинг мақомини суверен давлат сифатида мустаҳкамлаб берадиган халқаро шартноманинг ўзи йўқлигини» таъкидлади.

Маълумот учун: СССР 1991 йил 26 декабрда расман ўз фаолиятини тўхтатган. Ўша вақтга келиб барча 15 та собиқ Иттифоқ республикаси ўз мустақиллигини эълон қилган. Мамлакатларнинг ҳар бири кейинчалик жаҳон ҳамжамияти томонидан халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан тан олинган ва БМТга қабул қилинган. Уларнинг суверен мақомини тан олиш учун алоҳида халқаро шартнома талаб қилинмайди.

Халқаро ҳамжамият бунга қандай муносабатда бўлди?

Хитой элчисининг бу сўзлари собиқ СССР мамлакатларида ҳам, Европа Иттифоқида ҳам кескин муносабатларга сабаб бўлди.

Литва, Латвия ва Эстония Хитой дипломатик вакилларини тушунтириш олиш ва норозилик билдириш учун чақирди. Лу Шайнинг баёнотлари Украина, Франция, Германия ва бошқа қатор Европа давлатларида ҳам танқид қилинди.

Жумладан, Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс Лу Шайнинг сўзларини «бутунлай қабул қилиб бўлмас» деб атади. «Хитой томонидан тушунтиришлар ва бу баёнотга тўлиқ раддия кутмоқдамиз», — дея қўшимча қилди дипломат.

«Литва СССР таркибига кирмаган. Москва бизнинг ҳудудимизни ноқонуний босиб олган, шунинг учун биз мустақиллигимизни тиклангунга қадар ва Қизил Армия уйига қайтгунича қаршилик қилдик. Биз постсовет давлат эмасмиз ва ҳеч қачон совет бўлмаганмиз», — дея маълум қилди Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис.

«Хитой вакилининг мустақил ва суверен давлатлар ҳақидаги мулоҳазалари ёлғон ва тарихни нотўғри талқин қилишдир. Халқаро ҳуқуққа кўра, Болтиқбўйи давлатлари 1918 йилдан бери суверен, аммо 50 йил давомида [Совет Иттифоқи] томонидан босиб олинган», — деб ёзди Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна.

Украинанинг Франциядаги элчиси Вадим Омелченконинг айтишича, Лу Шайнинг сўзлари Хитойнинг расмий позициясига зиддир. «Бу ерда ноаниқликка ўрин йўқ. Қрим — Украина. Совет империяси энди йўқ. Тарих давом этмоқда», — деди у.

«Постсовет ҳудудидаги барча мамлакатлар халқаро ҳуқуқда мустаҳкамланган аниқ суверен мақомга эга… «Қрим тарихи»нинг абсурд вариантини ўзининг минг йиллик тарихига ҳассослик билан ёндашадиган давлат вакилидан эшитиш ғалати. Агарда йирик сиёсий ўйинчи бўлишни истасангиз, россиялик аутсайдерларнинг пропагандасини такрорламанг…» — деб ёзди Украина президенти девонхонаси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подаляк.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги Лу Шайнинг сўзларидан таъсирланган барча мамлакатлар билан «тўлиқ бирдамлик» билдирди ва Хитойни бу изоҳлар мамлакат позициясини акс эттирадими ёки йўқлигини аниқлашга чақирди.

Германия ҳам Пекинни аниқлик киритишга чақирди. «Биз Хитой ўз позициясини аниқ айтишини кутамиз. Бу давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги дахлсиздир», — деди Германия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Кристиан Вагнер.

Европа Иттифоқи дипломати Хосеп Боррель ҳам Хитой элчисининг баёнотларини қабул қилиб бўлмас деб атади. «Европа Иттифоқи бу баёнотлар Хитойнинг расмий сиёсатини акс эттирмайди, деб тахмин қилиши мумкин», — деди у.

Европарламент депутатлари Франция ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна номига Лу Шайни персона нон грата (ишончни йўқотган — таҳр.) сифатида тан олишни талаб қилган очиқ хатни имзолади.

«Элчининг сўзлари фақатгина тегишли халқларнинг тарихи, маданияти ва фундаментал яхлитлигини чуқур ҳақорат қилибгина қолмай, балки башорат қилинадиган дипломатик муносабатларга боғлиқ бўлган асосий тамойилларга путур етказишга қаратилган. Хитой ёки ўзга бир давлат бошқаларнинг суверенитетини шубҳа остига қўйишга ҳақли эмас. Суверенитет дипломатик ўйинчоқ эмас, балки халқаро муносабатлар, халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомининг ажралмас қисмидир», — дейилади хатда.

Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистон бу мавзуда расман муносабат билдирди. Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров Қозоғистон Хитой ТИВга нота юбормаслигини маълум қилди. У Хитой Қозоғистон суверенитетини биринчилардан бўлиб тан олганини таъкидлаб, «[элчининг] гапларини буриб, бутунлай бошқа мавзуга олиб келмасликка» чақирди.

Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев Kun.uz нашрига берган изоҳида ушбу фикрларга муносабат билдиришдан олдин уни ўрганиш зарурлигини таъкидлади. «Яна бир бор таъкидламоқчиманки, буни диққат билан ўрганиш керак. Балки Хитой томонининг сўзлари нотўғри талқин қилингандир», — деди у.

Хитойнинг муносабати

«Хитой собиқ совет республикаларининг Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин тузилган суверен давлатлар мақомини ҳурмат қилади», — дея маълум қилди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нин.

«Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Хитой биринчилардан бўлиб тегишли давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатди», — дея қўшимча қилди у.

Хитойнинг Франциядаги элчихонаси баёнот тарқатиб, элчининг сўзлари «сиёсий баёнот эмас, балки шахсий қарашларни ифодалагани»ни билдирди. У Хитойнинг Украина бўйича позицияси «тадрижий ва аниқ» эканини қайд этиб, Пекин «Украина инқирозининг сиёсий ечимига ҳисса қўшишга» тайёрлигини айтиб ўтди.

Кейинроқ элчининг француз ва хитой тилларида берган интервьюси ёзуви элчихона расмий ижтимоий тармоқларидан ўчирилди.