19 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев картошкачиликни ривожлантиришга қаратилган режа ва таклифлар тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатда картошкага бўлган талаб қарийб 4 миллион тоннани ташкил этади. Шунинг 80 фоиздан зиёди мамлакатда етиштирилиб, қолган қисми импорт ҳисобидан тўлдирилмоқда. Чунки бугунги кунда 253 минг гектарда картошка экилаётган бўлса, ўртача ҳосилдорлик 163 центнерни ташкил этмоқда. Чет эллардагига қараганда бу жуда паст кўрсаткич.

«Яна бир катта муаммо уруғчилик билан боғлиқ. Аҳоли ва деҳқончилик хўжаликлари элита ва R1 уруғлик ўрнига импорт қилинган ёки маҳаллий сифатсиз картошка экмоқда. Юқори ҳосилли уруғлик картошка етиштириш учун экин ерлари ва иссиқхоналар, уларни сақлаш учун омборхоналар етарли эмас. Ҳосилдорликнинг камайишига сабаб бўлувчи вирус ва бактерияли касалликларни текширадиган лабораториялар йўқ», — дейилади хабарда.

Йиғилишда ушбу масалаларни ҳал этиш, картошкачилик ва унинг уруғчилигини ривожлантириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Таъкидланишича, миллий генофондда 250 хил картошка нави мавжуд бўлиб, 4 та корхона ва илмий-тадқиқот институтлари томонидан 27 та навдан миллий уруғ яратиш бўйича ишлар бошланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Уруғчиликни ривожлантириш учун Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида 4 гектарлик, Самарқанддаги Green Korea agro invest корхонасида 1 гектарлик иссиқхона ва совутгичли омборхоналар қуриш режалаштирилган. Бу лойиҳалар Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ва «in vitro» усулида картошка уруғини етиштиришнинг тўлиқ цикли йўлга қўйилади.

Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалида «илм — таълим — ишлаб чиқариш» тамойили бўйича Картошка уруғчилиги маркази ташкил этилади. Картошканинг яширин вирус касалликлари ва сифат кўрсаткичларини аниқлаш бўйича 4 миллион долларлик лаборатория ишга туширилади.

Шу каби чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида 2025 йилдан картошка уруғчилигига бўлган ички талаб тўлиқ таъминланиши қайд этилди. Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, уруғлик картошка етиштириш ҳажмини ошириш ва сифатини кафолатлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 500 тонна элита картошка уруғларини 1 минг 700 та аҳоли томорқаларига бепул тарқатиш, картошка етиштирувчиларга имтиёзли маблағлар ажратиш вазифаси қўйилди.